Дэвид Кэмерон Марказий Осиёга келади
Олам
−
07 Март
6295Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиёга келишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда у 5 март куни парламентнинг Лордлар палатасида бўлиб ўтган тингловда маълум қилди.
“Биз бутун дунё бўйлаб иттифоқ ва шериклик тармоғимизни мустаҳкамлаш тарафдоримиз. Марказий Осиё биз яхшироқ ишлашни истаган тармоқлардан биридир. Мен у ерга боришни режалаштиряпман. У ерда қайси соҳа ва корхоналар, таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишимиз кераклигини биладиган барча билан давра суҳбати ўтказаман”, деган Кэмерон.
Маълумот учун, Дэвид Кэмерон 2011 йилдан 2016 йилгача Британия Бош вазири бўлган. Ўтган йили амалдаги Бош вазир Риши Сунак узоқ вақтдан бери сиёсатда кўриниш бермаган Кэмеронни Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби лавозимига тайинлаган. Бу лавозим Ташқи ишлар вазири лавозимига тенгдир.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Шимолий Македония пойтахти Скопье шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 30-йиғилиши доирасида британиялик мавқедоши Дэвид Кэмерон билан учрашганди.
LiveБарчаси