Cмартфонлар ўсмирларда семиришга олиб келади – тадқиқот
Бу қизиқ
−
02 Декабрь 1443 2 дақиқа
АҚШнинг Пенсильвания университети олимлари тадқиқот ўтказиб, смартфондан эрта фойдаланишни бошлаш билан ўсмирларда руҳий ва жисмоний муаммолар хавфи ортиши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақдаги илмий иш “American Academy of Pediatrics” сайтида эълон қилинди.
2016-2022 йиллар давомида йиғилган 10 мингдан ортиқ америкалик ўсмирлар ҳақидаги маълумотлар таҳлилига кўра, 12 ёшида шахсий смартфон олганларда гаджет ишлатмайдиган тенгдошларига нисбатан депрессия ривожланиш эҳтимоли 31 фоизга, семириш хавфи 40 фоизга, сурункали уйқу етишмовчилиги эса 62 фоизга юқори бўлган.
Олимларнинг айтишича, смартфон ўсмирлар эмоционал жиҳатдан тайёр бўлмаган контентга чексиз кириш имконини беради, шу билан бирга, уни назорат қилиш учун зарур интизом етишмайди. Хавф гуруҳига кўпроқ қизлар, миллий озчилик вакиллари ва кам даромадли оилалар фарзандлари киради.
Шу билан бирга, америкалик болаларнинг деярли ярми 11 ёшга кириб аллақачон шахсий смартфонга эга бўлади, бироқ педиатрик ташкилотлар ҳозирча фойдаланишни бошлаш бўйича аниқ ёш тавсияларини белгиламаган.
Тадқиқот муаллифлари ота-оналар ва шифокорларни гаджетга эгалик қилиш масаласига овқатланишни назорат қилиш каби жиддий ёндашишга чақирмоқда ва буни ўсмирлар саломатлигини кузатишда муҳим омил деб ҳисоблаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иш жойида узоқ вақт давомида ўтириш барча сабаблар бўйича ўлим хавфи ва юрак-қон томир касалликларини ошириши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси