Чусовитина граффитига юбка “кийдирилди”

Жамият 15104
image

Inkuzart тахаллуси билан ижод қилаётган кўча рассоми томонидан 2021 йил август ойида чизилган Оксана Чусовитина граффитига муаллиф рухсатисиз ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Inkuzart ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.  

“Афтидан, фақат Ўзбекистонда муаллиф картинаси бошқа рассом томонидан ўзгартирилиши мумкин. Маънавият... ”, дея изоҳ қолдирган у.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани кўчаларидан бирига чизилган суратда дастлаб Оксана Чусовитина калта кийимда, қўлида байроқ тутиб турган эди. Аммо байроқнинг ярми чизилганди, холос. 

Номаълум шахс томонидан киритилган ўзгаришдан сўнг, гимастикачининг орқа фонидаги байроқ ҳилпираб, унинг уст кийими узунлашган. 

Қайд этиш керакки, рассомнинг бир нечта кўча суратлари ҳокимликлар томонидан ўчиртириб ташланганди. Булар қаторига таниқли олим Альберт Эйнштейнга аталган портрет, Uzauto Motors монополияси ва бензин нархи ошиб кетишига бағишланган граффитларни киритиш мумкин.

Аввалроқ, спорт гимнастикасининг таяниб сакраш дастурида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган афсонавий спортчи Оксана Чусовитина Париж-2024 Олимпия ўйинларида иштирок этмоқчилигини маълум қилган эди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 609
Рейтинг: 3
t
×