Inkuzart'нинг Тошкентдаги яна бир сурати “ўлдирилди”

Жамият 14876
image

Кўча граффитлари билан танилган Inkuzart тахаллусли рассом томонидан Тошкентнинг Чилонзор туманидаги деворлардан бирига чизилган Альберт Эйнштейн портрети ва унинг турли формулалари оппоқ оҳак билан бўяб кетилди. Бу ҳақда рассомнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Рассом эълон қилган видеода у қандай қилиб граффитини чизгани, кейин эса ишчилар деворни бўяб ташлаётгани кўрсатилган. Видеога эса “Чилонзор ҳокимига “раҳмат” деган изоҳ қолдирилган.

Шундан ҳам билиниб турибдики, сурат Чилонзор ҳокимлиги кўрсатмаси билан бўяб кетилган.

Қайд этиш керак, бу Inkuzart асарининг илк бор йўқ қилиниши эмас. Бундан аввал рассомнинг UzAutoMotors монополиясига бағишлаб чизган граффити, ундан сўнг эса бензин нархининг ошиб бориши оддий ўзбекистонликларни “ўлдираётгани” акс этган сурати ҳам йўқ қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманида “менга ёқади шунақа нарсалар, нега шаҳарда кўпайтирмайсизлар” деб кўп қаватли уйга чизилган “Дўстлик” муралини мақтаганди. Шунда ёнидаги амалдорлар бундай суратлар янада кўпайтирилаётганини қўшимча қилганди.

Эҳ, афсуски Президент бундай ижод намуналари туғилибоқ бўғилишини билмайди. Тўғрисиям-да, ҳокимларнинг бировнинг меҳнати билан нима иши бор. Уларнинг фикри хаёли бузиш, қуриш ва бўяш билан банд-ку.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 476
Рейтинг: 3.1
t
×