Чусовитина Париж-2024 Олимпиадасида қатнашмоқчилигини эълон қилди

Спорт 3730
image

Спорт гимнастикасининг таяниб сакраш дастурида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган афсонавий спортчи Оксана Чусовитина Париж-2024 Олимпия ўйинларида иштирок этмоқчи. У Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришини маълум қилган. Бу ҳақда Чусовитинанинг сўзларига таяниб, Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

“Бу ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрдим ва Осиё ўйинларидан сўнг, Париж-2024 Олимпиадасига ҳам тайёрланишга қарор қилдим”, деган Оксана Чусовитина.

Оксана 2021 йил 25 июль куни Токио Олимпиадасида иштирок этганидан сўнг,  спортдаги фаолиятини якунлашини эълон қилган эди. Бироқ  2021 йилнинг октябрь ойи бошида, Оксана 2022 йили Хитойда бўлиб ўтадиган навбатдаги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришини маълум қилганди.

46 ёшли гимнастикачи спортдаги фаолиятини қайта тиклагач, жорий йилнинг март ойида Қатар пойтахти Дохада ўтказилган Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритганди. 

Маълумот учун, Оксана Чусовитина 1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016 ва 2021 йилларда ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган. Бу натижаси орқали Чусовитина тарихда энг кўп Олимпиадада қатнашган спортчи сифатида “Гиннеснинг рекордлари” китобига киритилган. Бундан ташқари, у 1992 йили жамоавий баҳсда Олимпия чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Европа чемпиони, Осиё ўйинлари чемпиони бўлган.

 

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 77
Рейтинг: 3.1
t
×