“Чора кўрамиз”. Жанубий Корея Украинага таҳдид қилди
Олам
−
21:22 460 2 дақиқа
Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён шимолий кореялик ҳарбий асирлар билан боғлиқ жанжал сабабли Украинага қарата баёнот берди. Сиёсатчи тегишли мурожаатни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилди.
“Шимолий кореялик ҳарбий асирларни репатриация қилиш (ватанга қайтариш) масаласи бўйича Украина томони маълумотларни ошкор қилмасликни сўради ва биз уни сир сақлашга келишиб олдик. Бироқ Украина бир томонлама тартибда бу маълумотни ошкор қилди”, дейилади унинг хабарида.
Шунингдек, сиёсатчини Украина томонининг кейинги хатти-ҳаракатлари ғазаблантирган.
“Корея Республикаси Президенти юқори даражадаги хушмуомалалик кўрсатиб, бу борада афсусда эканини билдирганида, Украина томони ҳеч қандай келишув бўлмаганини даъво қилиб, амалда бошқа давлат раҳбарини ёлғончига чиқарди.
Биз келишув фактини тан олишни ва ошкора кечирим сўрашни талаб қилганимизда, Украина, аксинча, Шимол ва Жануб ўртасида яқин орада ҳарбий тўқнашув содир бўлиши ҳақида гапира бошлади. Корея яриморолида уруш бошланишига туртки беришга уринаётган Украинанинг хатти-ҳаракатлари юзасидан чуқур афсусда эканимизни билдирамиз”, деб ёзди у.
Ли Чжэ Мён огоҳлантириш билан чиқди.
“Агар Украина келишув фактини тан олишдан ва ошкора кечирим сўрашдан бош тортишда давом этса, биз қўшимча чора кўрамиз. Бу Корея Республикаси фуқаролари ва давлатининг шаъни ҳамда обрў-эътибори масаласидир, биз буни эътиборсиз қолдира олмаймиз”, дейди у.
Баёноти якунида у Украина Ташқи ишлар вазирлигининг жавобини келтирган.
“Жанубий Корея биз учун муҳим… Биз ушбу дипломатик тушунмовчиликни ҳал қилишни чин дилдан хоҳлаймиз”, дея Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибиганинг баёнотидан иқтибос келтирган у.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён БМТ Бош ассамблеяси чоғида Ню-Йоркда Украина яқинда икки нафар шимолий кореялик аскарни Жанубий Кореяга юборганини айтган Украина президенти Владимир Зеленский шаънига танқидий фикрлар билдирган эди. 2025 йилнинг январь ойида икки нафар шимолий кореялик аскар Россиянинг Курск вилоятида Украина кучлари томонидан асирга олингани маълум бўлган эди.
Live
Барчаси