Жанубий Корея Украинада асир тушган шимолликларни қабул қилишга тайёр – “Reuters”

World

image

Жанубий Корея ҳукумати Украинада асирга тушган Шимолий Корея ҳарбийларини, агар уларнинг ўзи истаса, мамлакат ҳудудига қабул қилишга тайёр. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Сеул расмийларининг айтишича, Украинада асирга тушган шимолий кореялик ҳарбийлар КХДРга қайтарилмаслиги керак. Шунингдек, уларни Россияга юбориш ҳам хатарли.

Маълум бўлишича, Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига келаси ҳафта Жанубий Кореяга ташриф буюради. У Сеулда Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Чо Хён билан учрашиб, икки томонлама муносабатлар ҳамда Украинадаги шимолий кореялик ҳарбий асирлар масаласини муҳокама қилади.

Жанубий Корея Конституциясига кўра, Шимолий Корея аҳолиси ҳам мамлакат фуқаролари ҳисобланади. Шу сабабли Сеул ҳукумати Жанубий Кореяга кўчиб ўтиш истагини билдирган барча шимолий кореялик ҳарбийларни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган.

Ҳукумат вакилларидан бирига кўра, расмий Сеул мазкур ҳарбийларнинг эркин хоҳиш-иродасига асосланган ҳолда Жанубий Кореяга кўчиб ўтишини қўллаб-қувватлайди ва уларга қонунчилик доирасида зарур ҳимоя ҳамда ёрдам кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг бошида Россиянинг Курск вилоятига юборилган икки нафар шимолий кореялик ҳарбий Украина Қуролли кучлари томонидан асир олинган эди. Улар кейинчалик Жанубий Кореяга кўчиб ўтиш истагини билдирган.

Жанубий Кореяга қочиб ўтган собиқ шимолий кореяликлар ва ҳуқуқ фаолларининг айтишича, Пхеньян ҳарбий доктринасида аскарларга асир тушиш тақиқланган. Уларга душман қўлига тушиш хавфи туғилган тақдирда ўз жонига қасд қилиш буйруғи берилгани айтилган.

Маълумотларга кўра, Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этиш учун Шимолий Корея томонидан 15 мингдан ортиқ ҳарбий юборилган. Жанубий Корея Миллий разведка хизмати ҳисоб-китобларига кўра, уларнинг тахминан 6 минг нафари ҳалок бўлган, яна 4 минг нафари эса турли даражада жароҳат олган.

Аввалроқ, КХДР раҳбари Ким Чен Ин Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин ва Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов иштирокида Пхеньян шаҳрида Украина урушида ҳалок бўлган шимолий кореялик ҳарбийлар хотирасига бағишланган мемориални очган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends