Чирчиқ дарёси ўзанини “кемирганлар” 1,9 трлн сўмлик зарар етказди
Crime
−
18:58 1176 1 minute
Чирчиқ дарёси ўзанидан ноқонуний тарзда 1,9 триллион сўмлик қум-шағал қазиб олган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Б.И.” МЧЖ масъул шахслари томонидан Чирчиқ дарёси ўзанидан рухсатномасиз қум-шағал қазиб олингани аниқланган.
Қайд этилишича, МЧЖ масъуллари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси ўзанидан махсус техникалар ёрдамида тегишли рухсатнома олмасдан 101,2 минг куб метр норуда фойдали қазилма ҳисобланган қум-шағал хомашёсини қазиб олган. Оқибатда давлат ва жамият манфаатларига 1,9 триллион сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ҳамда 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятидаги қумни қайта ишлаш цехида қарийб 920 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган эди.
Live
All