Чирчиқда ўласи қилиб калтакланган йигит шифохонада вафот этди
3-саҳифа
−
02 Апрель
12598Жорий йилнинг 5 март куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи 32 ёшли фуқаро спиртли ичимликлар сотувчи дўкон эгаси билан жанжаллашиб, жароҳат олган ва оқибатда вафот этган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ'га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Қайд этилишича, соат тахминан 19:00 ларда Тошкент вилояти Паркент туманида туғилган фуқаро Чирчиқ шаҳрида жойлашган, ўзига тегишли бўлган спиртли ичимликлар дўконини ёпиб, уйига қайтиб кетаётган вақтида ўзига аввалдан таниш бўлган бошқа бир фуқарони учратиб қолган. Таниши спиртли ичимлик дўконини очиб, унга спиртли ичимлик беришини сўраган. Шунда дўкон эгаси танишига рад жавобини берган. Оқибатда икки ўртада жанжал келиб чиққан. Дўкон эгаси танишининг бош ва юз қисмига бир неча маротаба уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.
Оқибатда фуқаро олган тан жароҳатлари билан Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Тиббиёт бирлашмасининг маълумотномасига кўра, фуқарода “бош мия очиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, чап чакка тепа суяклари очиқ синиши, бошнинг ўнг қош тепа чап чакка тепа соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок” кўринишидаги тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган.
Эртаси куни, 6 мартда шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан жароҳатланган фуқаро реанимация бўлимида вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича дўкон эгасига нисбатан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган ва айбланувчи қўлга олинган.
Маълумот учун, қонунчиликка кўра, бундай жиноятни содир этган шахс саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ижтимоий тармоқларда эса марҳумнинг онасига ўғли аёл кишини қутқараман деб жанжалга аралашгани ва оқибатда ўзи калтакланиб, оғир жароҳатлар билан шифохонага тушгани ва ўша ерда вафот этгани ҳақида ёзмоқда. Аёл ушбу жиноят ишини ҳуқуқ-тартибот идоралари кўчадаги жанжал сифатида кўраётганидан норози бўлиб, пост қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 16 ёшли бола дарахт йиқитиш жараёнида вафот этганди. Бола яшаш хонадонида дарахт кесиш жараёнида дарахтнинг кесилган шохи унинг устига тушиб кетган.
LiveБарчаси