Чиқиндидан қарзи борларнинг “свет” учун пул тўлаши чекланади
Жамият
−
06 Октябрь
8575Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистонда аҳоли чиқинди пулини тўламагани учун электр энергиясини ўчириб қўйишни бошлади” мазмунидаги хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маълумот берди.
Билдирилишича, Президентнинг “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган абонентлар СМС орқали хабардор қилиб бориш амалиёти белгиланган.
Шунингдек, мазкур фармон асосида чиқинди бўйича қарздорлик ҳақида огоҳлантирилгандан кейин тўлов қилмаган истеъмолчиларнинг электр учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиёти жорий этилиши белгиланган.
Қайд этилишича, фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йилнинг октябрь ойидан бошлаб “Ҳудудий электр тармоқлари”АЖнинг 2100 қисқа рақами орқали мазкур огоҳлантириш хабарларини юбориш амалиёти йўлга қўйилган.
“Айни пайтда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан чиқинди бўйича огоҳлантириш хабари юборилгандан сўнг, қарздорликни бартараф этмаган истеъмолчиларга электр энергияси учун тўловларда чекловлар киритиш бўйича ҳам техник ишлар олиб борилаётганлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Чиқинди қарздорлиги учун юборилган хабарномалар бўйича истеъмолчилардан келиб чиқаётган шикоятлар бўйича чиқинди йиғиш ва ташиш хизматларига мурожаат қилиш сўралган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги тақдим этган маълумотлар асосида хабар юбораётганлигини маълум қилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йил 1 июндан Ўзбекистонда чиқинди олиб чиқиб кетиш бўйича қарздорлик юзага келган тақдирда истеъмолчи электр энергияси учун пул тўлай олмаслиги хабар қилинганди. Бунда 2024 йилнинг 1 июнидан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун, 2024 йилнинг 1 ноябридан республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун, 2025 йилнинг 1 январидан эътиборан эса республиканинг барча ҳудудида чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун электр энергиясига тўловни амалга оширишда чекловлар ўрнатилади.
LiveБарчаси