Четга ишга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга тушди
3-саҳифа
−
08 Июль 2629 2 дақиқа
4 та ҳудудда АҚШ, Япония ва Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Сергели тумани бўлими ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар И.Қ. ва А.А. (муқаддам фирибгарлик жиноятлари учун судланган) фуқаро А.Т.нинг ишончига кириб, гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уни Америка Қўшма Штатларига ишга юбориши эвазига 22 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай, департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.Т. фуқаро А.А. ва бошқаларни танишлари орқали Япония давлатига ишга юбориши эвазига аввалдан келишилган 32 000 АҚШ долларидан 10 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, департаментнинг Фарғона шаҳри бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “B.G.” МЧЖ Фарғона филиали раҳбари Н.А. фуқаро А.А.га ўзини гўёки Ташқи меҳнат миграция агентлиги ходими сифатида таништириб, уни Жанубий Корея Республикасига ишга юбориши учун 10 000 АҚШ доллари эвазига сертификат тайёрлаб беришини айтиб, шундан 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда чет тилларни ўргатувчи “А.” ўқув маркази ходими Х.Ш. фуқаро Ф.О. ни Жанубий Корея Республикасига ишга юбориши учун G1 виза расмийлаштириб беришини айтиб, ундан 4 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида фуқароларни Англияга ишга юборишни ваъда қилиб, улардан пул олган шахс қўлга тушганди.
Live
Барчаси