Черногория шов-шувли қотилликдан сўнг қурол қонунларини кучайтиради

Олам

image

Черногория ҳукумати Цетинедаги қотилликдан кейин қурол сақлаш шартларини кучайтиришга қарор қилди. Тез орада мамлакатда янги тегишли қонун кучга киради. Бу ҳақда кеча, 3 январь куни Бош вазир Милойко Спаич маълум қилди.

Милойко Спаич кеча, 3 январь куни Миллий хавфсизлик кенгашининг бир неча соат давом этган йиғилишига раислик қилди. Бу вақтда пойтахт Подгорицадаги ҳукумат биноси деразалари остида юзлаб одамлар ёмғир ёғишига қарамай, митинг ўтказди. Улар ҳукуматни қурол назорати сиёсатининг самарасизлигида айблади.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, амалдаги ўқотар қурол лицензияси эгалари 2026 йилнинг 1 январига қадар қўшимча психологик кўрикдан ўтиши керак, акс ҳолда уларнинг лицензиялари бекор қилинади. Рухсатсиз қуролга эга бўлганларга уларни топшириш учун икки ой вақт берилди. Акс ҳолда, улар жаримага тортилади. Бироқ у жарима миқдорини очиқламади.

"Бу одамларга раҳм-шафқат бўлмайди. Қуролнинг мавжудлиги ҳаддан ташқари қўрқинчли ва уни анъаналар билан оқлаб бўлмайди", деди Спаич.

Черногория аҳолисининг қўлида рўйхатдан ўтмаган қуроллар сони "бошқа Болқон мамлакатларидаги каби" ўн минглаб бирликларга баҳоланмоқда. Подгорица расмийлари кўп йиллардан буён фуқароларни ноқонуний қуролларни топширишга чақириб келади, аммо натижа бўлмади. Швейцариянинг кичик қуролларни ўрганиш лойиҳасининг хабар беришича, 620 минг аҳолига эга Черногорияда деярли 245 минг ўқотар қурол бор.

Цетинедаги қотиллик

1 январь куни Цетине шаҳридаги барда 45 ёшли эркак ўт очган, сўнг кўчага чиқиб, ўткинчиларга қарата ўқ узган. Ҳужумчи икки бола ва ўз синглисини ўлдирган. Яна тўрт киши жароҳат олди, бирининг аҳволи оғир. Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинган.

Полиция буни спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ва маиший жанжал туфайли ҳиссий ҳаракат деб ҳисобламоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб келгач, жиноятчи ўзини отиб ўлдирган. 2022 йилда у ноқонуний қурол сақлашда айбланган.


Мақола муаллифи

Теглар

қурол Черногория Цетине

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг