“Челси” шартли трансфер тақиқига учради

Спорт

image

Англия Футбол ассоциацияси (FA) Лондоннинг “Челси” клубига нисбатан Роман Абрамович эгалик қилган даврда воситачилар фаолияти билан боғлиқ қоидалар бузилгани юзасидан кўрилган иш бўйича клубга икки трансфер ойнаси давомида шартли трансфер тақиқи қўйилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Қарорга кўра, Лондон клуби 10 миллион фунт стерлинг (11,7 миллион евро) миқдорида жарима тўлайди. Шунингдек, “кўклар”га икки трансфер ойнаси давомида шартли трансфер тақиқи қўлланилди. Бу тақиқ фақат келгусида яна қоидабузарликлар аниқланган тақдирдагина кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойида “Челси” Эден Азар, Н’Голо Канте, Виллиан ва Самуэль Это’О агентларига амалга оширилган тўловлар сабабли молиявий фейр-плей қоидаларини бузган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кейинчалик клуб санкциялардан қочиш мақсадида Англия Премьер-лигаси билан компенсация тўловлари бўйича музокаралар олиб борди.

2025 йилда Англия Футбол ассоциацияси “Челси”ни 2009-2022 йиллар оралиғида содир этилган 74 та қоидабузарликда айблади.

Суд муҳокамасидан аввал “Челси” FA’нинг Е1.2 банди 74 марта бузилганини тан олди. Мустақил тартибга солиш комиссияси дастлаб клубга 10 миллион фунт стерлинг жарима ҳамда 2027 йил 30 июнга қадар шартли равишда 6 очко олиб ташлаш жазосини белгилади. Бироқ, клуб ушбу қарор устидан апелляция киритди. Мустақил Апелляция кенгаши шикоятни қаноатлантириб, очколардан маҳрум қилиш жазосини бекор қилди. Унинг ўрнига “Челси”га 2027 йил 30 июнга қадар кетма-кет икки тўлиқ трансфер ойнаси давомида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш бўйича шартли тақиқ жорий этилди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг