“Челси” кутилмаганда “ПСЖ”ни “ер тишлатиб”, КЖЧ ғолиби бўлди (видео)
Спорт
−
14 Июль 9391 2 дақиқа
Бугун, Тошкент вақти билан 14 июлга ўтар кечаси Лондоннинг “Челси” жамоаси Парижнинг “Пари-Сен-Жермен”ини (“ПСЖ”) мағлуб этиб, клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолибига айланди. “Метлайф” стадионида бўлиб ўтган финал учрашуви 3:0 ҳисобида якунланди.
Голларни “Челси” ярим ҳимоячиси Коул Палмер (22- ва 30-дақиқалар) ҳамда ҳужумчи Жоао Педро (43-дақиқа) киритди. 84-дақиқада “ПСЖ” таркибида Жоау Невеш Кукурельянинг сочидан тортгани учун тўғридан тўғри қизил карточка олди.
Палмер FIFA клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати финалида дубль қайд этган илк инглиз футболчига айланди. “Челси” тарихда эса иккинчи бор ушбу турнирда чемпион бўлди. Клуб бу мусобақани илк марта 2022 йилда ютган эди.
Қайд этиш жоиз, финалга Европа чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби сифатида келган ва бунгача КЖЧ доирасида бир қанча ТОП жамоалар, хусусан, “Реал Мадрид” (4:0) ва “Бавария” (2:0) устидан анча ишончли тарзда ғалаба қозонган Париж жамоасининг мағлубияти кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Ўйиндан сўнг “ПСЖ” ва “Челси” аъзолари ўртасида келишмовчилик содир бўлди. Мусобақанинг якуний тақдирлаш маросимида АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам иштирок этди.

Маълумот учун, янгиланган форматдаги клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида илк бор олтита конфедерациядан 32 та клуб (илгари 7 та бўларди) иштирок этди. Ўйинлар АҚШнинг 11 шаҳридаги 12 стадионда бўлиб ўтди. Гуруҳ босқичи тўртта жамоадан иборат саккиз гуруҳдан ташкил топди, ҳар бир гуруҳдан биринчи ва иккинчи ўрин эгаси плей-офф босқичига чиқди.
Мусобақанинг мукофот жамғармаси 1 миллиард доллар бўлиб, бу футбол тарихидаги клублар ўртасидаги турнирлар орасида рекорд ҳисобланади. Чемпион жамоа 125 миллион долларгача мукофот олади, бундан ташқари ҳамкорлик тўловлари ҳам мавжуд.
Live
Барчаси