“Челси” 21 ёшли футболчи билан узоқ муддатли шартнома имзолади
Спорт
−
01 Сентябрь 2023
2597“Манчестер Сити”нинг англиялик ярим ҳимоячиси Коул Палмер “Челси” билан шартнома имзолади. Бу ҳақда Лондон клуби матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 21 ёшли футболчи “Челси” клуби билан 2030 йилга қадар мўлжалланган 7 йиллик шартнома имзолаган. Шунингдек, битим талабларида уни яна бир йилга узайтириш имконияти мавжуд.
“У энг қийин вазиятларда ўз истеъдоди ва салоҳиятини намойиш этди ва шу ёзда Европа ёшлар чемпионатида Англия терма жамоаси вакилига айланди. У, шубҳасиз, кейинги босқичга тайёр ва биз уни “Челси”га ўтганидан хурсандмиз”, дейди “Palmer sport” директорлари Лоренс Стюарт ва Пол Уинстэнли.
Таниқли футбол журналисти Фабрицио Романога кўра, Коул Палмернинг “Челси”га ўтиш нархи 46 миллион еврони ташкил қилади.
Маълумот учун, 21 ёшли Палмер “Манчестер Сити” тарбияланувчиси ҳисобланади. Якунланган мавсумда у “шаҳарликлар” учун 3 та ўйинда майдонга тушди ва 2 та голга муаллифлик қилди. Янги 2023/2024 йилги мавсумдаги расмий ўйинларнинг фақат биттасида иштирок этди ва собиқ клуби шарафини атиги 10 дақиқа ҳимоя қилди.