“Раддом”дан яна ўлик чиқди
Таҳлил
−
23 Ноябрь
4713Ўзбекистондаги туғуруқхоналардан оналар ва болалар ўлиги чиқишда давом этмоқда. QALAMPIR.UZ’га Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида жойлашган 7-туғуруқхонага “суви кетиб келган” ҳомиладор аёлга ҳеч ким қарамагани оқибатида бола онанинг қорнида сувсиз қолиб вафот этганини айтиб мурожаат қилишди. Таҳририят ҳолатни ўрганиш мақсадида туғуруқхонага борди.
“19 ноябрь куни келинимдан сув кетиб қолди. “Роддом”га келганимизда ҳеч қандай ёрдам беришмади. Ёрдам беринглар десак, нимага ваҳима қиляпсизлар деб бизни уришиб беришди. Орадан бир кун ўтганидан кейин ҳомиладор келинимни текшириб, келин ҳам, чақалоқ ҳам яхши эканини айтишди. Сув кетишига қарамасдан туғиши учун ҳеч нарса қилишмади. 19 ноябрдан 22 ноябргача суви кетган ҳолда туғуруқхонада сақлашди. Биз улардан кесарча йўли билан болани туғдириб олишларини сўрадик, афсуски, бизни ҳеч ким эшитмади.
Мени бир нарса ҳайрон қолдирди. Туғиш учун келган ҳар бир аёлга шифокор гаплашганмисизлар деган саволни беришяпти. Нега энди шифокор гаплашиб, унга олдиндан пул бериб келишимиз керак. Гаплашиб келмаганларга қаралмайдими? Келиним хонада дард чекиб ётганда ҳам, 22-санада туғиш залига олиб тушишганда ҳам у билан ҳеч кимнинг иши бўлмади”, дейди келиннинг қайни опаси.
Аёлнинг яқинларига кўра, у туғуруқ даврига қадар доимий шифокорлар назоратида бўлган. Болада қандайдир нуқсон борлиги айтилмаган. Ҳаттоки туғуруқхонада ўтказилган УЗИ текширувларида ҳам боланинг ҳам, онанинг ҳам юрак уришлари эшитилиб, улар соғлигини айтишган.
“Келинимиз соғлом эди. Бола ҳам яхшилигини айтишганди. “Роддом”даги шифокорларнинг беэътиборлиги сабабли бола ўлик туғилди. Сув кетганидан боламиз қуриб қолди”, дейди қайни опа.
Ўлик фарзандни дунёга келтирган аёлнинг айтишича, шифокорлар боланинг ўлганидан уни туғуруқ залига олишдан олдин хабар топишган. У буни шифокорларнинг ҳаракатларидан пайқаган.
“22 ноябрь куни хонага кириб боланинг юрагини эшитишди. Ана ўшанда кўпчилик бўлиб кетди тепамда. Улар текширишидан олдин УЗИга тушган эдим. Ҳаммаси яхши, деганди шифокор. Негадир орадан озгина вақт ўтиб, текширишганда ҳамма бир-бирига қараб кўз билан гаплашишни бошлади. Туғуруқ залига олиб ўтишди ва бир-бири билан “энди нима деб айтамиз” деб гаплашди. Мен боламни аҳволини сўраганимда ҳаммаси жойида деб тинчлантиришди мени. Ёғларни суриб, боламни чиқариб олишди. Кейин билсам, болам ичимда ўлиб бўлган экан. Бу ерда ҳамманинг олдиндан гаплашган шифокори бор экан. Ҳамма ўзининг бемори билан овора. Худди мендек сув кетиб келганларга ҳам ўзининг гаплашган доктори тез қаради. Лекин менга 3 кун эътибор беришмади”, дейди фарзанди ўлик туғилган аёл.
7-сон туғуруқхона Бош шифокори ўринбосарининг айтишича, туғуруқхонадаги ҳар бир аёлнинг саломатлиги доимий равишда назоратда бўлади. Боланинг ҳам, онанинг ҳам юрак уриши ҳар ярим соатда текшириб турилади. Бу ҳолатда ҳам она ва боланинг ҳолатида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Лекин туғиш вақтига яқин қолганда боланинг юрак уриши эшитилмаган.
“Масалан, ҳозир туғуруқ залимизда муддатдан олдин қоғоноқ пардаси ёрилган ҳомиладор аёллар ётишибди. Худди шу ҳолатда ҳам аёлда табиий туғуруқ бошланишини кутамиз. Чунки табиий туғуруқда бошланган туғуруққа етадигани йўқ. Агар туғуруқ фаолияти бошланмаса, ҳақиқатан, клиник баённомаларимизга кўра, у бир суткадан ошиқ бўлиши керак эмас, ана ундан кейин бошқа йўллар билан туғдиришни ўйлаймиз”, дейди 7-туғуруқхона Бош шифокор ўринбосари.
Аёлнинг яқинлари шифокорлар унинг табиий туғуруғи бошланишини 12 эмас, 24 соатдан кўп кутишгани ва бу боланинг нобуд бўлишига олиб келганини айтмоқда. Бола соғлом дунёга келиши учун аёл ҳам, унинг оиласи ҳам халқ тили билан айтганда “кесерва” қилишга рози бўлишган, аммо шифокорлар бунга кўнмаган. 7-сон туғуруқхона бош шифокори Зафаржон Илҳомовнинг айтишича, кесарча йўли билан болани туғдиришнинг ўзига яраша қоидаси бор.
Туғуруқхона шифокори ва аёлнинг яқинлари бола нега ўлик туғилганини билиш мақсадида 5-сонли шаҳар болалар клиник шифохонасига боришган ва боладан турли намуналар олинган. Шифохона берган Патологоанатомик ташхисининг дастлабки хулосаларида ҳомила 40 соат сувсиз қолгани айтилган:
• Гипоксиядан кейинги энсефаломалясия (мия юмшаши);
• Реанимациядан кейинги ўпкаларнинг буллёз эмфиземаси (ҳаво билан тўлиши);
• Веноз қон томирларда қон тўпланиши ва органларнинг дистрофияси;
• Юрак бўшлиқлари ва йирик томирларда қорамтир суюқ қон;
• Ички органларнинг шиллиқ ва сероз пардаларида майда қон кетишлар.
Шифокорларнинг айтишича, 5-сонли шаҳар болалар клиник шифохонасида боланинг турли тўқималаридан олинган намуна жавоблари эълон қилинади ва бола нима сабабдан ўлик туғилгани аниқ бўлади.
LiveБарчаси