Бюджет маблағлари билан боғлиқ жиноятлар кўпайяпти – Аксилкоррупция агентлиги

Интервью

2016 – 2017 йиллар Ўзбекистонда 48 та давлат органи бўлган. Бугунги кунда эса бу кўрсаткич 95 тага етиб, органлар сони 91 фоизга ошганини кўрсатмоқда. Вазирлик ва турли агентликларда ишловчи ходимларнинг лавозим йўриқномаларидаги вазифалари эса деярли бир хил. Кундан кунга шу каби давлат ташкилотларининг кўпайиши коррупцияга йўл очиб бермайдими? 

Кеча, 10 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг жамоатчилик олдидаги ҳисоботи юзасидан ўтказилган анжуманда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ушбу саволга қуйидагича жавоб берди. 

“Ижтимоий тармоқларда карикатура тарқалди. Унда “Коррупция = Бюджет”, деб ёзилган эди. Мен шунга тўлиқ қўшиламан. Бюджетда қанча пул кўп бўлса, шунча коррупция омили кўп бўлади. Эътибор бериб қарасак, пора олиш ёки бериш кўпаймаган, аксинча, давлат бюджет маблағлари билан боғлиқ жиноятлар кўпайяпти. Соғлиқни сақлаш ёки таълим тизимида бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Бюджет – бу давлат. Давлатдан давлат хизматчиси ёки бошқасига, қанча кўп пул ажратилса, коррупция хавфи ҳам даражаси ҳам шунча юқори бўлади. Маъмурий ислоҳотлар тўғри йўлга қўйилмаса, давлат бошқарувда тўғри тизим бўлмаса, коррупция ҳам авж олади”, дейди Бурҳонов.

Шунингдек, у сўзида давом этиб, 2021 йил Президент Шавкат Мирзиёев томонидан давлат маъмурий бошқарув соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қабул қилинган фармойиши ҳақида гапирди. 

“Хабарингиз бор, ўтган йили давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” алоҳида фармойишлари қабул қилинди. Биз ҳам ўз йўналишимиз бўйича ишчи гуруҳдамиз. Таклифлар ишлаб чиқилган. Ўйлайманки, яқин кунларда жамоатчиликка ҳам эълон қилинади.

Адлия вазиримиз ҳам давлат органларини қисқартириш кераклиги, оптимизация масаласида кўп айтадилар. Бу бўйича иш олиб бориляпти. Энг асосийси, декабрь ойида давлат раҳбаридан топшириқ олинган.

Кўп соҳаларда бир-бирини такрорлаш бор. Бир-бирини такрорлаш бўлганидан кейин, ҳам статистикада тушунмовчилик бўлади, ҳам бюджетга зарар. Бюджетдан кўп сарфлангандан кейин коррупциявий омиллар ҳам бўлади. Бу бўйича ишлар бошланган”, дейди Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, ушбу анжуманда 2021 йил Ўзбекистонда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 282 млрд миқдорда моддий зарар етказилгани ҳақида маълум қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коррупция Бурҳонов.

Баҳолаганлар

80

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг