Буюк Британияда парламент тарқатиб юборилди

Олам

image

Буюк Британияда парламент яқинлашиб келаётган муддатидан олдин сайловлар муносабати билан расман тарқатиб юборилди. Бу ҳақда бугун, 30 май куни қонун чиқарувчи орган сайтида хабар қилинди. 

Амалдаги қонунчиликка кўра, Бош вазир Риши Сунак 4 июлда чақираётган умумий сайловга 25 иш куни қолганида парламент тарқатиб юборилиши керак. Таҳлилчилар сайловлар кузда бўлиб ўтишини кутган эди, бироқ ҳукумат уларни эртароқ ўтказишга келишиб олди. Сунак ўтган ҳафта Британия қироли Чарльз III парламентни тарқатиб юбориш ҳақидаги илтимосини қондирганини эълон қилди.

Бирлашган Қироллик парламентининг тарқатилиши автоматик равишда унинг Жамоатлар палатаси – қуйи палатадаги барча 650 ўриннинг бўшашини англатади. Сайловдан сўнг, 9 июль куни парламент янги таркибда йиғилиб, спикерни сайлайди ва депутатлар қасамёд қилади.

Аввалги сайловлар 2019 йилда бўлиб ўтган. Унда Борис Жонсон бошчилигидаги Консерваторлар партияси кўп овоз билан ғалаба қозонган. Бироқ, ўшандан бери сайловчиларнинг кайфияти ўзгарди. Коронавирус пандемияси давридаги мунозарали ҳукумат ҳаракатлари, бир қатор жанжал ва иқтисодий муаммолар консерваторлар машҳурлигининг пасайишига олиб келди. Жонсон ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этди. Унинг ўрнини қисқа вақт ичида Лиз Трусс эгаллади, кейин эса Сунак Бош вазир бўлди.

Сўров маълумотлари ва яқинда ўтказилган маҳаллий сайловлар натижалари Кир Стармер бошчилигидаги Лейбористлар партиясининг машҳурлиги ошганини кўрсатади. Лейбористлар 14 йиллик мухолифатдан сўнг ғалаба қозониши мумкин.

Маълумот учун, Буюк Британияда сайловлар мажоритар тизим бўйича ўтказилади. 325 дан ортиқ сайлов округида номзодлари ғалаба қозонган партия парламентда кўпроқ ўринни қўлга киритади.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия сайлов парламент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг