Буюк Британияда коронавирусга чалиниш суръати кетма-кет учинчи кун пасаймоқда
Олам
−
13 Апрель 2020
4427Буюк Британияда коронавирус билан касалланган беморларнинг ўлим ҳолати 717 тага кўпайди. Касаллик қурбонларининг умумий сони 11,3 мингдан ошди, аммо кунлик ўсиш суръати кетма-кет учинчи кун пасаймоқда. Бу ҳақда бугун, 13 апрель куни қироллик Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
“Коронавирусга ташхис олинган 290 720 кишидан 88 621 нафарида жавоб ижобий чиқди. 12 апрель маҳаллий вақт билан соат 17:00 (Тошкент вақти билан соат 21:00) бўйича касалхоналарга ётқизилган 11 329 бемор, афсуски, вафот этди”, дейилади хабарда.
23 март куни мамлакатда касаллик тарқалишига қарши курашиш учун уч ҳафталик карантин жорий этилди. Одамлар, зарурат бўлмаганда, уйларини тарк этишлари тақиқланди. 16 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси карантинни узайтириш масаласини кўриб чиқади.
The Times газетасининг Британия ҳукуматидаги манбасининг таъкидлашича, яқин келажакда қиролликда чеклов чоралари юмшатилишини кутмаслик керак.
Ҳукуматнинг ушбу йиғилишини Бош вазир Борис Жонсон бошқариши ҳозирча номаълум. Бир кун олдин у Лондон касалхонасидан чиқарилди. Айни пайтда Жонсоннинг вазифасини ташқи ишлар вазири Доминик Рааб бажармоқда.
LiveБарчаси