Бўйнидагидан бошқа тан жароҳати аниқланмади – Бош прокуратура қамоқда ўзини осган йигит ҳақида
Олам
−
29 Май
7539Аввалроқ, Намангандаги қамоқхонада 24 ёшли маҳкум ўз жонига қасд қилгани хабар қилинганди. Марҳумнинг онаси ўғлининг танасида қийноқ излари борлигини айтганди. Бош прокуратура эса мурдани кўздан кечириш давомида бўйин соҳасида странгуляцион эгатдан ташқари бошқа тан жароҳатлари аниқланмаганини билдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
"23 май куни Наманган вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган 2000 йилда туғилган маҳкум ишлаб чиқариш цехи ҳудудида ўзини-ўзи осиб, вафот этган. Мурдани кўздан кечириш давомида бўйин соҳасида странгуляцион эгатдан ташқари бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган", деб ёзади Шамсутдинов.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Поп тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилмоқда.
"Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади", дейилади Бош прокуратура матбуот котибининг баёнотида.
Маълум бўлишича, марҳум Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми "Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш" билан судланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мазкур ҳолатни назоратга олгани хабар қилинганди.