Буёғига йўқотадиган нарсамиз йўқ – Сречко Катанец
Спорт
−
02 Февраль
7328Эртага, 3 февраль куни футбол бўйича Осиё кубогининг чорак финали доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси мезбон Қатарга қарши баҳс олиб боради. Учрашув олдидан жамоа бош мураббийи Сречко Катанец ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Ҳар бир босқичда бўлгани сингари бизни олдинда қийин баҳс кутиб турибди. Учрашувга яхши тайёргарлик кўрдик. Биз ўз кучимизга ишонамиз. Диёр Холматов Таиландга қарши терма жамоадаги дебют учрашувини ажойиб тарзда ўтказди. Шахсан мен учун бу сюрприз бўлди. Машғулотлар давомида, айниқса, Дубайдаги йиғинда ўзини кўрсата олган эди. Лекин эртанги баҳсда Холматов майдонга тушадими ёки йўқ буни вақт кўрсатади”, дейди Катанец.
Шунингдек, мутахассис бўлажак ўйиндаги натижа футболчиларнинг ҳаракатига боғлиқлигини қўшимча қилди.
“Ҳали жамоа билан учрашмадим. Ҳолат яхшиланган деб умид қиламан. Жароҳатланганлар бўйича деярли ҳеч нарса ўзгармаган, бироқ бетоб ўйинчиларимиз соғайиш арафасида. Асосий вазифам жамоани тайёрлаш, мен уларга ишонаман. Қатарга қарши тўғри ўйин қуришимиз шарт. Рақиб биздан қўрқиши керак бўлган жиҳатларимиз ҳам етарлича. Натижа ўйинчиларнинг ҳаракатларига, ўша пайтдаги вазиятлар, жароҳатлар ва яна бошқа кўплаб жиҳатларга боғлиқ. Аввал таъкидлаганимдек, бор эътиборим олдиндаги баҳсга қаратилган, қолгани кейин маълум бўлади. Бизда яхши ўйинчилар етарли. Чорак финалга қадар етиб келдик, буёғига йўқотадиган нарсамиз йўқ”, дейди мураббий.
Маълумот учун, Қатар-Ўзбекистон баҳси эртага, 3 февраль куни соат 20:30 да старт олади. Учрашувга Доҳа шаҳридаги “Ал-Байт” стадиони мезбонлик қилади.
LiveБарчаси