Дунё бўйлаб Рамазон ҳайити шукуҳи (фоторепортаж)
Олам
−
30 Март
6174Бугун, 30 март куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида Рамазон ҳайити нишонланмоқда. Байрам тонгида одамлар жамоавий намозга йиғилди.
Саудия Арабистонининг Макка шаҳри марказида жойлашган Ал-Ҳарам масжидида ҳайит намози ўқилди. 4 миллиондан ортиқ мусулмон Рамазон ойи тугашини нишонлаш учун Ислом динининг асосий зиёратгоҳи бўлмиш Каъба атрофида тўпланди.
Масжид имом-хатиби Абдулраҳмон ас-Судайс имомлик қилиб, байрам хутбасида мўминларни ушбу муҳим воқеа билан табриклади.
Cаудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳам шу ерда Рамазон ҳайити намозини ўқиди. У билан бир сафда Саудияга биринчи расмий ташриф билан борган Ливан Бош вазири Наваф Салом ҳам бор эди.
Мадинадаги Ан-Набавий масжидида ўқилган ҳайит номозига шайх доктор Абдуллоҳ ал-Буайжон имомлик қилиб, Рамазон ҳайити муносабати билан ўз табрикларини йўллади. Иймон, шодлик, хавфсизлик ва осойишталик муҳитида Мадинадаги оломон намозхонлар, жумладан Мадина ҳокими шаҳзода Салмон бин Султон ибн Абдулазиз шу ерда ҳайит намозини ўқишди.
Икки Муқаддас масжид қўриқчиси, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд эса Жиддадаги Ас-Салом саройида Рамазон ҳайити намозини ўқиди. Икки Муқаддас масжид қўриқчисига бир қанча шаҳзода ва олий мансабдор шахслар қўшилиб, ҳайит айёми билан ўз табрикларини етказишди.
120 000 мусулмон чекловларга қарамай Ал-Ақсо масжидида ҳайит намозини ўқиди. Қуддус Исломий вақфлар бошқармаси маълумотларига кўра, минглаб зиёратчилар муқаддас кунда Исломнинг учинчи муқаддас жойида намоз ўқиш учун тўсиқларни енгиб ўтишди.
Эски шаҳарнинг бутун периметри бўйлаб назорат пунктлари ўрнатилди ва Исроил хавфсизлик кучлари Ал-Ақсога яқинлашишда ҳужжатларни синчковлик билан текшириш ва шахсий тинтувлар ўтказди. Бироқ барча қийинчиликларга қарамай, ўн минглаб диндорлар асосий Ислом байрамларидан бирини нишонлаш учун Ал-Ақсо масжидида тўпланишга муваффақ бўлишди.
Туркияда ҳам бугун Рамазон ҳайити нишонланмоқда. Президент Ражаб Тойиб Эрдўған эрта тонгдан Истанбулдаги Буюк Чамлижа масжидига борди. У масжидга кириб келган фуқароларни кутиб олди ва улар билан суҳбатлашди.
Эрдўған Туркия Дин ишлари бошқармаси бошлиғи Али Эрбош имомлик қилган намозда фуқаролар билан бир сафда турди. Намоздан сўнг Президент Эрбошнинг хутбасини тинглади. Шундан сўнг жамоатга хитоб қилган Эрдўған, Эрбошнинг ўзи ўқиган хутба ва намозда зарур бўлган ҳамма нарсани айтганини айтиб, ўқилган оятлар мўминлар ўртасидаги бирлик ва ҳамжиҳатликка васил бўлишига, Аллоҳ таоло уларни бу бирлик ва ҳамжиҳатликдан айирмаслигига умид билдирди. Эрдўған шаҳидларга раҳмат, фахрийларга тезроқ шифо тилаб, барчани Ҳайит байрами билан табриклади.
Бугун Озарбайжонда ҳам Рамазон ойи якунланиши муносабати билан байрам намози ўқилди. Юз минглаб мўминлар масжидларга йиғилиб, намоз ўқиб, бир-бирларини байрам билан табриклади.
Бугун, 30 март куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Бишкекнинг Имом Сарахсий номидаги марказий жоме масжидида ўқилган Рамазон ҳайити намозида иштирок этди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Президент масжид аҳли билан байрам намозини ўқиган.
Шундан сўнг Жапаров Қирғизистон халқини Рамазон ҳайити байрами билан табриклади.
“Қирғиз халқи азалдан меҳмондўстлиги, меҳр-оқибати, адолати ва ҳамжиҳатлиги билан машҳур. Бу қадрли фазилатлар бугун ҳам сақланиб қолган. Мамлакатимизда турли миллат вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ, аҳил қўшничиликда яшаб келмоқда. Халқимиз ўзаро ҳурмат ва қардошлик муносабатларининг ёрқин намунаси эканлигидан доимо фахрланамиз”, деди Президент.
Рамазон ойида халқ ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаган кўплаб эзгу ишларга барча гувоҳи бўлганини таъкидлади.
“Улар бизга барака бўлсин, мурувват ва эзгулик анъаналари бундан буён ҳам давом этсин”, деди давлатимиз раҳбари.
У ҳар бир қирғизистонлик маънавий поклик, иймон-эътиқод, сабр-тоқат, меҳр-оқибат ва умидвор бўлишини, оилаларда тинчлик ҳукм суриши, юрт барқарорлик ва фаровонлик муҳитида тараққий этишини тилади.
Шаввол ойининг кўринмаганлиги сабабли айрим мамлакатларда Рамазон ҳайити эртага, 31 март куни нишонлашади. Булар:
- Малайзия
- Миср
- Иордания
- Ироқ
- Эрон
- Покистон
- Бруней
- Индонезия
- Бангладеш
- Австралия
- Уммон
- Ҳиндистон
- Сурия.
LiveБарчаси