Бўстонлиқда 8 кишининг ерини сотиб юборишга уринган шахс ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 8 нафар фуқарога тегишли бўлган 72,6 сотих нотурар ер майдонининг ҳар бир сотихини 14 900 доллардан ҳисоблаб, жами 1 млн 81 минг 740 долларга сотишга уринган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бўстонлиқ туманида яшовчи 1980 ва 1988 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро келишган ҳолда мазкур туман ҳокимлиги томонидан боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган ширкатнинг 2 нафар аъзосига далаҳовли қуриш мақсадида ажратиб берилган 20 сотих ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 230 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ўзини гўёки ушбу ер участкасининг эгаси деб таништирган, 1964 йилда туғилган фуқаро ҳам ер майдонини харидор номига ўтказиб бериш эвазига ушбу 230 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган. 

Бўстонлиқ туманида қайд этилган яна бир ҳолатда 1996 йилда туғилган шахс ўзининг қариндошига туман ҳокимлигининг 2008 йилдаги қарорига асосан Чирчиқ дарёсининг муҳофаза зонасидан ободонлаштириш ҳамда қайиқлар тўхташ жойи барпо этиш учун ажратиб берилган 36 сотих ер майдонини 150 минг долларга сотишга келишиб, шунингдек, кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилиб, жами 160 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, унга Бўстонлиқ туманида жойлашган ва 8 нафар фуқарога тегишли бўлган 72,6 сотих нотурар ер майдонининг ҳар бир сотихини 14 900 доллардан ҳисоблаб, жами 1 млн 81 минг 740 долларга сотишга келишади. Шунингдек, мансабдор танишлари орқали ушбу ер майдонини турар жой тоифасига ўтказиб, у ерда кўп қаватли уй қуриш учун рухсат олиб бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилади. Аммо Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у олдиндан 110 минг доллар олган вақтида ушланган.

Билдирилишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Қўшработ туманида давлат захирасидаги 2 гектар ер майдонини 100 млн сўмга сотишга уринган шахс қўлга тушган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Бўстонлиқ Давлат хавфсизлик хизмати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг