Бўстонлиқда 20 сотих ерни 230 минг долларга пуллаётганлар ушланди
3-саҳифа
−
18 Март
2338Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидан 20 сотих ерни 230 минг долларга олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Бўстонлиқ тумани бўлими томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.А., Р.А. ва И.С. (муқаддам судланган) ўзаро тил бириктириб, фуқаро Х.А.га тумандаги “Хўжакент” МФЙ ҳудудидан 20 сотих ер майдонини ҳужжатларини расмийлаштириб олиб беришлари эвазига 230 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, департаментнинг Янгиҳаёт тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.И. фуқаро М.О.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида “Янги Гулзор” МФЙ ҳудудидаги 18 сотих ер майдонини 200 000 АҚШ доллари эвазига эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини расмийлаштириб олиб беришини айтиб, олдиндан 20 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Кармана туманида ҳокимлик захирасида бўлган 1 гектар бўш ер майдонини пуллаётган шахс қўлга тушган эди. Шунингдек, Андижон вилояти Хўжаобод туманида 2 гектар ер майдонини 300 минг долларга расмийлаштириб беришни ваъда қилганлар ушланганди.