Навоийда 1 гектар ерни 2 млрд сўмга сотаётган шахс қўлга тушди (видео)

3-саҳифа

image

Навоий вилоятининг Кармана туманида ҳокимлик захирасида бўлган 1 гектар бўш ер майдонини пуллаётган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, Навоий вилоятининг Кармана туманида яшовчи хусусий тадбиркор ўзганинг ишончига кириб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 1 гектар бўш ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, унга сотиш ва мансабдор танишлари орқали кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 2 млрд сўм талаб қилади. Аммо у сўралган пул маблағидан 1 млрд сўмни Навоий шаҳрида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда эса Хўжаобод туманида яшовчи, 1992 ва 1994 йилларда туғилган ака-ука давлат захирасида бўлган 2 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг доллар талаб қилади. Лекин Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда улардан бири сўралган пул маблағидан 50 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган. 

Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг 50 сотих суғориладиган ер майдонини харидорга 55 минг долларга сотишга келишиб, шундан 45 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.

Бошқа ҳолатда эса Қува туманидаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари мазкур МЧЖнинг 10 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига тураржой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, пойтахтда яшовчи, 1964 йилда туғилган фуқаро Тошкент туманида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 16 сотих ер майдонининг ҳар бир сотихини 22 минг доллардан жами 352 минг долларга харидорга сотишга келишиб ҳамда юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг шериги бўлган – Тошкент туманида яшовчи, 1952 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ҳам ушбу 30 минг долларни олган вақтида ушланган.

Билдирилишича, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида давлат захирасидаги 2,5 гектар ер майдонини 650 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Навоий Давлат хавфсизлик хизмати Кармана

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг