“Бундай йирик носозлик илгари бўлмаган” — Қирғизистон Энергетика вазири
Олам
−
25 Январь 2022
8829Марказий Осиё энергетика ҳалқасидаги бугунги муваффақиятсизлик мисли кўрилмаган ҳодиса, авваллари бундай йирик носозликлар бўлмаган. Бу ҳақда Қирғизистон Энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, мазкур ҳодиса юзасида давлатлараро комиссия тузилади.
“Марказий Осиё энергетика тизимида бундай носозлик биринчи марта содир бўлди. Унинг сабаблари ҳақида гапиришга ҳали эрта. Жавоб бериш учун давлатлараро комиссия тузилади”, дейди Қирғизистон Энергетика вазири.
Шунингдек, Дўсқул Бекмурзаев, “Қирғизистонда электр таъминоти икки соат ичида, иссиқлик эса бир неча соат ичида тўлиқ тикланади”, деб ваъда берди.
“Бугун тушда бутун Қирғизистон электр энергиясиз қолди. Қўшни давлатлар – Қозоғистон ва Ўзбекистонда ҳам электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бор эди. Электр таъминотини босқичма-босқич тиклаш бошланди”, дея қўшимча қилган Дўсқул Бекмурзаев.
Маълумот учун, Совет Иттифоқи давридан бери Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ягона энергетика тизимига уланган.
“Конец света”
Бугун, 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Бунинг ортидан дастлаб, Тошкент метрополитени фаолияти тўхтатилди, поездларнинг манзилга етиб бориш вақти кечиктирилди.
Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилди. Ўзбекистонда эса барча аэропортлар фаолияти чекланди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олмаота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Хожикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида электр таъминиоти тикланди.
LiveБарчаси