Булоқбошида янги қудуқдан газ олиш бошланди
Жамият
−
17 Декабрь 2019
4582Жорий йилнинг 14 декабрь куни Андижон вилояти, Булоқбоши тумани “Чақар” номли майдондаги 2-сонли қидирув қудуғи бурғуланиб, ундан саноат миқёсида газ олишга эришилди. Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “2017 – 2021 йилларда углеводород хом ашёсини қазиб олишни ошириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилган.
Ҳозирда ”Андижоннефт” АЖ томонидан “Чақар” майдонидаги ушбу янги бурғуланган 2-сонли газ қудуғини ишга тушириш учун қувурлар ўрнатилмоқда. Қувурлаштириш ишлари якунлангач, Булоқбоши туманидаги яна қўшимча 5 мингта хонадон табиий газ билан таъминланиши кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, қудуқдан газ қазиб олиш ҳажми кунлик 200 минг метр кубни ташкил этади.
“Қарор доирасида ҳозирги кунда "Учтепа нефт ва газ кони"даги 13-сонли қудуқда ҳам бурғулаш ишлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.