Бухорога 1,4 триллион сўм ажратилган

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёевнинг икки ой олдин Бухорога ташрифидан кейин вилоятга 1,4 триллион сўм ажратилди. Бу ҳақда бугун, 12 август куни бўлиб ўтаётган Бухоро вилоятига қилинган ташриф натижадорлигини ошириш, муқобил энергия манбаларини жорий этиш ҳамда саноат корхоналари учун жозибадор шароитларни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Билдирилишича, бугун Президент томонидан имзоланган қарорларга мувофиқ вилоятга тадбиркорлик учун қўшимча 60 миллион доллар, инфратузилмага 40 миллион доллар ажратилади. 

Шунингдек, вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, туман ҳокимлари шунга муносиб ишлаб, жойлардаги ташкилотлар олдига аниқ вазифа, ходимларига KPI белгилаб, ҳар куни аниқ натижада ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилган.  Келгусида ҳар битта тармоқ ва вилоятдаги ҳақиқий аҳвол шундай таҳлил қилиниб, муҳокама ўтказилиши белгиланди.

Бундан ташқари, мутасаддилар ушбу Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон туманлари тажрибаси бўйича сусткашликка йўл қўйган барча раҳбарларга чора қаттиқ бўлиши ҳақида огоҳлантирилди. Сайхунобод ва Уйчи тажрибаларида камчиликларга йўл қўйган масъулларга жавобгарлик чораларини кўриш, қолоқликларни бартараф этиш топширилди. Зарбдор тажрибаси асосида ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан “драйвер” лойиҳани шакллантириш, Ғиждувон тажрибаси асосида 1 мингта маҳалланинг ўзида “тепага ўсадиган” (вертикал) саноат бинолари лойиҳаларини тайёрлаб, йил якунигача ишга тушириш вазифаси қўйилди. 

Бухорода энг асосий масала – хизматларни ривожлантириш экани таъкидланди. Қайд этилишича, соҳани ривожлантириш муҳандислик ва фармацевтикада 23 фоиз, электротехникада 30 фоиз ўсишни таъминлайди.

Бухорода 584 та меҳмон уйлари, 122 та умумий овқатланиш, 18,5 мингта савдо, 30 та саломатлик ва фитнес марказлари бор. Лекин ҳар минг кишига ошхона ва ресторанлар сони Самарқанддан 10 карра кам. Шофиркон аҳолиси 200 мингга яқинлашиб, вилоятда учинчи ўринга чиқди. Шундай бўлса-да, туман хизмат кўрсатиш бўйича вилоятда энг охирги ўринда.

Вобкент, Ромитан, Жондор туманларида олиб борилаётган намунали ишларни қайд этиб, Президент бошқа туманларда ташаббускорлик кўринмаётгани, марказий кўчалар ва массивларга янги қиёфа олиб кириш сустлиги бўйича қатъий эътироз билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Париж Олимпиадасида ғолибликни қўлга киритган спортчиларнинг тарихий зафарлари билан бутун халқни табриклаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

видеоселектор Бухоро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг