Бухородаги 7 та маданий мерос объектини UNESCO рўйхатига киритиш ҳаракати бошланди

Жамият 3826
image

Бухородаги яна 7 та маданий мерос объектлари UNESCO`нинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилиши мумкин. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.

Вилоятда жойлашган маданий мерос объектларини UNESCO`нинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича номзодлик ҳужжатлари тайёрланмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, UNESCO ишлари бўйича миллий комиссия, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси билан биргаликда Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институтини жалб қилган ҳолда “Ипак йўли: Зарафшон дарёси ва Қайроқум йўналиши” чегералараро обидалари қаторида Бухоро вилоятида жойлашган Чор-Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси, Чашмаи Аюб мақбараси архитектура объектлари, қадимги Пойкент, Варахша ва Вардонзе шаҳар қолдиқларини UNESCO`нинг Умумжахон мероси рўйхатига киритиш бўйича, халқаро мезонлар асосида номзодлик ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Бу эса UNESCO`нинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар сонининг ортишига ва республикага ташриф буюрувчи сайёҳлар сонининг кўпайишига олиб келади.

Маълумот учун, бугунги кунда Бухоро вилоятида 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Шундан, 287 таси археология ёдгорликлари, 507 таси архитектура объектлари, 17 таси монументал санъат ҳамда 18 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган ташкилоти UNESCO`га1993 йилда аъзо бўлиб, Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция 1995 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган.

Конвенция доирасида Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объекти, Бухоро ва Шаҳрисабз тарихий марказлари ҳамда Чотқол биосфераси (табиий мерос) Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Aҳрорбек Ҳайруллаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 36
Рейтинг: 2.9
t
×