Бухорода танишини пичоқлаб ўлдирган 44 ёшли эркак 13 йилга қамалди
3-саҳифа
−
14 Июнь 2024 4415 2 дақиқа
Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида ўз танишини пичоқлаб ўлдирган 44 ёшли эркак 13 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Когон шаҳрининг “Зирабод” маҳалласида яшовчи муқаддам судланган фуқаро шахсий ишлари юришмаётгани ва турмуш ўртоғи билан муносабатлари бузилишида танишини айбдор деб ҳисоблаб, ундан қасд олишни режалаштиради.
Шу йилнинг 27 январига ўтар кечаси соат 2:30 ларда у яшаш уйидан ошхона пичоғини олиб, танишининг хонадонига боради. Девордан ошиб, ҳовли ичкарисига кирган эркак танишининг ётоқхонасига киради ва унинг юз соҳасига уради. Сўнг пичоқ билан кўкрак қафасига уради. Марҳумнинг қаршиликларига қарамай, танасининг бир неча жойларига пичоқ уриб, уни ўлдиради.
Суд давомида айбланувчи аввалдан ўзига таниш бўлган марҳума билан сўнгги йилларда оралари бузилиб, бир неча марта келишмовчилик юзага келганлиги, унинг ҳатто аёли билан муносабатлари бузилишига сабаб бўлгани, шу туфайли танишини ўлдириш режасини тузганини тан олган.
Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман судида айбланувчи Жиноят кодексининг 97-моддасида (қасддан одам ўлдириш) назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилиб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хоразм вилояти Шовот туманида хотинини сеҳр-жоду билан шуғулланишда айблаб, болта билан уриб ўлдирган эркакка нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.