Бухорода коронавирус аниқлангани ростми?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида коронавирус билан оғриган бемор аниқлангани ҳақида видеомурожаат тарқалди. Унда бухоролик Сардор Пўлатов Бухорода ушбу касалликка чалинган аёл топилгани айтиб, одамларни огоҳлантирмоқчи эканини таъкидлайди. 

Йигит ҳаммани гигиенага риоя қилиш: совун билан қўл ювиш, тиббиёт ниқобларини тақиш, дайди ҳайвонларни четлаб ўтиш ва кўчада фастфуд истеъмол қилмасликка чақирган.

“Бу хавфли бўлиши мумкин, чунки биз бу касаллик қандай ўтиши, айнан Бухорода бу касалликдан дори борлигини билмаймиз”, деган у видеороликда.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан мазкур видеомурожаат бўйича ўрганиш ўтказилиб, видеомурожаат эгаси ёлғон маълумот тарқатгани аниқланган.  

Вилоят ИИБдан маълум қилинишича, видеоролик муаллифи топилган ва у билан профилактик суҳбат ўтказилган.

“Бу йигит шаҳардаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олаётган талаба – Сардор Пўлатов эканлигини маълум бўлди – у бу ҳақида “тенгқурлар билан суҳбатда эшитиб қолган экан.

Аҳолини тинчлантириш ва пайдо бўлган саросимани минималлаштириш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари тезкорлик билан раддия тайёрлаб, тарқатишди.

Йигит нотўғри маълумот айтганлигини тан олди ва саросимага сабаб бўлган хабарни тарқатгани учун кечирим сўради.

Видеода талаба ёлғон маълумотларни айтганини шаҳар туғруқ мажмуаси ходими Гулчеҳра Сайфуллаева ҳам тасдиқлади. Шифокорнинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча кун ичида Бухорода ҳақиқатан ҳам беморларнинг ўлим ҳолатлари қайд этилган. Бироқ, уларнинг ҳеч бирида коронавирус тасдиқланмаган.

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалганлиги, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалида бемор мазкур касалликдан вафот этганлиги ҳамда бир гуруҳ беморларнинг ушбу вирус аломатлари билан даволанаётганлиги ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиз эканини маълум қилганди”, дейилади ИИБ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, кеча Жиззахда коронавирус тарқалгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Бироқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу хабарларни асоссиз деб топди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро Коронавирус

Баҳолаганлар

1107

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг