Бухорода икки ҳоким лавозимидан озод қилинди
3-саҳифа
−
30 Ноябрь
11129Бухоро вилоятининг Пешку тумани ҳокими Ваҳоб Қаҳҳоров ва Вобкент тумани ҳокими Фарҳод Умаров лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Халқ депутатлари Пешку тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Йиғилишда вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ваҳоб Ҳамидович Қаҳҳоровни Пешку тумани ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирди. Ушбу масала овозга қўйилиб, депутатлар томонидан тасдиқланди. Шундан сўнг вилоят ҳокими 2021 йилдан бери Когон шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Ҳаёт Ҳасанович Давлатов номзодини Пешку тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарорини ўқиб эшиттирди ва у Пешку тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
Шунингдек, Халқ депутатлари Вобкент тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳам ташкилий масала кўрилди. Вобкент тумани ҳокими вазифасида 2021 йилдан бери ишлаб келаётган Фарҳод Умаров соғлиги ёмонлашганлиги муносабати билан ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Қоровулбозор тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Акмал Анварович Остонов номзодини Вобкент тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори ўқиб эшиттирилди ва у Вобкент тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
Ҳозирча Когон шаҳри ва Қоровулбозор туманига кимлар ҳоким бўлиши маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адиз Музаффарович Бобоев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.
LiveБарчаси