Бухорода 62 ёшли ота фарзандига буйрагини берди
Саломатлик
−
15 Февраль 2022
10644Бухорода 62 ёшли ота 31 ёшли фарзандига ўз буйрагини берди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 14 февраль куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида Тошкентдан борган бир гуруҳ трансплантолог мутахассислар ҳамда маҳаллий шифокорлар иштирокида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилган.
Саккиз соат давом этган мураккаб операция натижасида когонлик 31 ёшли С.Сафаровга 62 ёшли отаси Х.Сафаровнинг ишлаб турган бир буйраги кўчириб ўтказилган.
Айни вақтда икки беморнинг ҳам аҳволи яхши.
“Кўз олдингда жондан азиз фарзандингни дарддан сўлиб бораётганини кўриш – энг оғир синов. Айниқса, ўғлимнинг бир неча йил ушбу касалликдан азоб чекканини ўйласам, юрагим оғрийди. Насиб бўлса, ушбу операциядан кейин фарзандим яна соғлом ҳаётга қайтади. Бунинг учун шифокорлардан беҳад миннатдорман”, деган ота.
Мазкур жарроҳлик амалиётига бошчилик қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи, малакали хирург Пўлат Султоновнинг таъкидлашича, 31 ёшли ушбу бемор бир неча йил гемодиализ муолажаси ёрдамида даволаниб келган. Айни вақтга келиб, ташхис терминал босқичга ўтгани сабабли уни ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган.
“Ҳозир бемор трансплантолог мутахассислар тиббий кузатуви остида бўлиб, унинг буйрак фаолияти тикланишида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Шунингдек, унга донорлик қилган отаси Х.Сафаровнинг саломатлиги ҳам кундан кун яхшиланиб боряпти”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2018 йил РШТЁИМда “Хирургик трансплантология” бўлими ташкил этилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу марказ мутахассислари томонидан 170 дан ортиқ қариндошлар орасида буйрак трансплантация жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилди.
LiveБарчаси