Бухорода 17 ёшли “виртуал валютачи”нинг иши ёпилди

3-саҳифа

image

Бухоронинг Жондор туманида 34 миллиард сўмлик криптовалютани ишлаб топган 17 ёшли йигитга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тугатилди. Бу ҳақда терговчи 2024 йилнинг 30 декабрь куни ишни тугатиш бўйича қарор қабул қилди.

Унда қайд этилишича, Бухоро давлат университети талабаси бўлган М.З. ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга тўлиқ иқрорлигини билдириб, кўрсатмаларида ҳозирда талаба экани, оилада ёлғиз фарзанд экани, онасининг нафақадалиги ва унинг нафақаси кунлик эҳтиёжларга етмаслигини билдирган.

Қарорга кўра, талабага нисбатан очилган ушбу жиноят иши ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилгани, чин кўнгилдан пушаймон бўлгани, шунингдек, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам бергани сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 84−5-моддаси 2-бандига (ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлса) асосан тугатилган.

“17 ёшли бухоролик Муроджон жавобгарликка тортилмайди. Аслида терговчиларда мана шундай ваколат ҳам бор. Ҳаммани ҳам судгача судраб жавобгар қилиш шартмас. Қувончлиси, бугун Муроджон тимсолида минглаб Ўзбекистон ёшларининг руҳи синдирилмади, қадди букилмади. Энди у жиноятчи эмас, ҳақиқий қаҳрамон”, дея ёзган Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербоев.

Терговчи қарорига кўра, М.З.га 2024 йилнинг 14 декабрь куни қўйилган айблов олиб ташланди ва шуни унга нисбатан қўлланган шахсий кафиллик эҳтиёт чораси бекор қилинди. Шунингдек, қарорда жиноят иши бўйича ҳужжатлаштириб олинган 1 дона iPhone 15 Pro Max телефони М.З.га қайтарилиши белгиланган. Қолган ашёвий далиллар жиноят иши ҳужжатлари билан биргаликда сақланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ижтимоий тармоқларда бухоролик 17 ёшли бола 34 миллиард сўмлик криптовалютани ўзи ишлаб топгани учун жавобгарликка тортилгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирганди. Ғиёсовга кўра, аслида фаоллар таъкидлаган “иқтидор” эгаси оддий “виртуал валютчик”лик фаолияти билан шуғулланиб келган. У юқорида тилга олинган жиноят ишида гумонланаётган 17 ёшли З.М. 7 ой давомида Binance платформасида 4 мингдан ортиқ 34 миллиард сўмлик шубҳали воситачилик (“виртуал валютчик”лик) операцияларини амалга оширган ҳамда воситачилик ҳақи ундириб келганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Бухоро криптовалюта Жондор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг