Бухоро шаҳар ҳокимлиги биноси ёнида оммавий муштлашув бўлди (видео)
Жамият
−
29 Май 2021
14589Бухоро шаҳар ҳокимлиги биноси яқинида мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув бўлиб ўтди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси воқеага муносабат билдирди.
Аниқланишича, мазкур видеода жорий йилнинг 26 май куни соат 14:45 да Бухоро шаҳар Ж.Икромий маҳалласида жойлашган 2-сон умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида, Бухоро шаҳар ҳокимлиги биноси олдида содир этилган жанжал ҳолати тасвирланган.
Воқеа шу куни соат 14:49 да Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмида юритилаётган Шакл-2 журналига қайд этилиб, кечиктириб бўлмас терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Ушбу муштлашувда тан жароҳати олган ва муштлашган фуқароларнинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилган бўлиб, ҳозирда тан жароҳати олган А.А. ва Ж.Р.ларнинг олган жароҳатлари оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертизаси тайинланган.
Шунингдек, вояга етмаган Ф.Ж. ва Ф.Ж., А.А. ҳамда бошқаларнинг ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Дастлабки тергов ҳаракатларининг якуни юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.