Бўкада ҳомиладор аёл туғуруқхонада вафот этди
3-саҳифа
−
21 Ноябрь
9188Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Бўка туманида 19 ёшли аёл ва унинг ҳомиласи шифокорлар айби билан нобуд бўлгани айтилган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 17 ноябрь куни соат 14:30 лар атрофида Бўка туманининг "Янгиобод" МФЙ ҳудудида яшовчи, 2004 йилда туғилган Н.С. онаси томонидан ушбу туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига йўлланма асосида олиб боринган. Бемор “Ҳомиладорлик-I, 30 ҳафта, сийдик йўли инфекцияси, семизлик-III даража” дастлабки ташхиси билан муассасага ётқизилган. Шунга қарамай аёл ўша куни соат 17:10 лар атрофида тилхат асосида шифохонадан чиқиб кетган.
Орадан 3 кун ўтиб, кеча, 20 ноябрь куни соат тахминан 04:50 да бемор Н.С. ушбу туғуруқ бўлимига қайта мурожаат қилган ва танасида шишлар ҳамда сариқлик белгилари билан оғир аҳволда қабул қилинган. Унга “Ҳомиладорлик-I, 30 ҳафта, сийдик йўли инфекцияси, ўткир ёғли гепатоз, анемия ўрта оғир даража, семизлик-III даража” дастлабки ташхиси қўйилган.
"Бироқ шу куни соат 13:10 лар атрофида даволаниш чоғида аёлнинг аҳволи оғирлашган ва шифокорлар консилиумидан сўнг бемор реанимация бўлимига ўтказилган. Унинг ҳолати бўйича вилоят перинатал марказига хабар берилган. Ҳомиладор аёл саломатлик ҳолати ҳисобга олинган ҳолда, соат чамаси 14:55 да жарроҳлик амалиётига олинган. Операция чоғида беморда барча инъекцион муолажалар тиббий кўрсатмага мувофиқ бажарилган.
Лекин Н.С.нинг умумий аҳволи жарроҳлик амалиёти бажарилаётган даврда янада оғирлашиб, клиник ўлим ҳолати содир бўлган. Тегишли реанимацион муолажалар бажарилишига қарамай, беморда соат 17.50 атрофида биологик ўлим қайд этилган", дейилади хабарда.
Дастлабки хулосага кўра, мазкур ҳолат сабаби сифатида “Ўпка артериясининг тромбоэмболик синдроми. Оғир гепатоз. Ўткир жигар етишмаслиги. Уросепсис. Септик шок” қайд этилган ва соат 20:00 лар атрофида прокуратура органларига расмий ахборот берилган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош акушер-гинекологи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ хизмат текширувини амалга оширмоқда. Ўз навбатида, Бўка тумани прокуратураси томонидан аёлнинг ўлими бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.