Бугуннинг ўзида коронавирусдан тузалганлар сони 20 нафарга етди

Жамият

image

Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида 10 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Бу ҳақда бугун, 19 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди

"Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 10 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди", дейилади хабарда.

Таъкидланишича, тузалганларнинг 6 нафари пойтахтдан, 3 нафари Тошкент вилоятидан ва 1 нафари Қашқадарё вилоятидан. Улардан 7 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, юқтириб олишган. Шунингдек, уларнинг 2 нафари Россиядан пойтахтимизга келган ва «Сокол» оромгоҳида карантинга олинган, яна 1 нафари эса Москва – Тошкент йўналишида чартер рейси орқали келгач, Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказига жойлаштирилган.

Уларда коронавирус инфекцияси аниқлангач, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида даволанишни бошлашган. Беморларнинг 6 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 13 ёшда.

Шундай қилиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан тузалганлар жами 214 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Бугунгача касалланганларнинг 5 нафари вафот этган. 

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг,  #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг