Бугунгача Ўзбекистондан Туркияга қанча ёрдам юборилди?
Олам
−
14 Февраль 2023
10244Ўзбекистон Туркиянинг вайронкор зилзилалардан жабр кўрган ҳудудларига 170 тонна гуманитар ёрдам жўнатди. Бу ҳақда Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистонда Туркия дипломатик миссияси координациясида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, Ўзбек-турк ишбилармонлар уюшмаси, Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши, Туркия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Мустақил саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси Ўзбекистон бўлими, шунингдек, фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда бошланган гуманитар акция давом этмоқда.
45 тонна дори-дармон ва тиббий буюмлар, 8 тонна озиқ-овқат, 90 тонна кийим-кечак, поябзал, кўрпа-тўшак, ёстиқ, болалар тагликлари ва гигиена воситалари, 130 генератор, 700 электр иситгич ва бошқа зарур буюмлардан иборат 170 тонна инсонпарварлик ёрдами тўпланиб, Туркияга жўнатилган.
Гуманитар юк 6 та юк самолёти ва 7 та юк машинасида Туркиянинг турли минтақаларига етказилган.
Бундан ташқари, молиявий манбалар шаклида ёрдам йиғиш давом этмоқда.
Зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда ўзбекистонлик ошпазлар беш минг кишига икки маҳал овқат тарқатишни ташкил қилган.
Ўзбекистон маданият, тадқиқот ва бирдамлик уюшмаси (Истанбул) кўнгиллилари ва Ўзбекистондан 100 кишидан иборат қидирув-қутқарув гуруҳи табиий офат зонасига етиб борган.
Жабрланганларга дала шифохоналарида 71 нафар ўзбекистонлик шифокор ёрдам кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида 7 февраль куни Ўзбекистондан Туркияга гуманитар ёрдам ва қутқарувчилар гуруҳи жўнатилди. Дастлабки гуруҳдан 100 нафар қутқарувчи ўрин олди.
Орадан икки кун ўтиб, 9 февраль куни Ўзбекистон 71 кишидан иборат ҳарбий-тиббий ва қидирув-қутқарув гуруҳини Туркияга йўллади. Шу куни махсус борт 11 нафар Ўзбекистон ва 6 нафар Қирғизистон фуқароларини зилзила содир бўлган ҳудудлардан олиб қайтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь