Бугун Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқиши мумкин
Спорт
−
25 Март
90512026 йилда АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати Осиё минтақаси 3-саралаш босқичи ўзининг қизғин палласига келди. “А” гуруҳи 8-тури доирасида бугун Қирғизистон-Қатар, Эрон-Ўзбекистон ва Шимолий Корея-БАА ўйинлари кун тартибидан ўрин олган. Ушбу ўйинлар орасида ўзбекистонлик футбол мухлислари учун энг муҳими Теҳронда Эронга қарши баҳс.
Бугунги ғалаба Ўзбекистонни деярли ЖЧга олиб чиқади
“А” гуруҳи етакчилари Эрон ва Ўзбекистон 8-турда ўзаро беллашади. Ушбу ўйинда Эронни дуранг ҳам Жаҳон чемпионатига олиб чиқади. Шу сабабдан форслар деярли босимсиз ўйнайди. Агар Ўзбекистон ғалаба қозонадиган бўлса, очколарини 19 тага етаказиб олади ва очколар борасида Эронга тенглашади. Бугун мотивация, босим ўзбекистонлик футболчилар елкасида бўлади. Сабаби, агар Эрон мағлуб бўлсаю, гуруҳдаги икки рақобатчи Қатар ва БАА очко йўқотадиган бўлса, Ўзбекистон азалий орзусига етади. Яъни муддатидан аввал 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.
Ўзбекистон Теҳронга таркибдаги бир нечта йўқотишлар билан бормоқда
Ўзбекистон футбол ассоциацияси берган маълумотларга кўра, бугунги муҳим баҳсни Ўзбекистон сафида жароҳати сабаб Остон Ўрунов ўтказиб юборади. Маълум бўлишича, у Ўзбекистон базасини тарк этган ва “Персеполис” лагерига бориб қўшилган. Шунингдек, 20 март куни Тошкентда, “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган Қирғизистонга қарши баҳсда Жалолиддин Машарипов сариқ карточка олганди ва кейинги ўйинни дисквалификация сабаб ўтказиб юбориши маълум бўлганди. Аввалроқ, терма жамоа йиғинига жароҳат сабаб келолмаган ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов ҳам бугунги ўйинни ўтказиб юборувчи футболчилар орасига киради.
Маълумот ўрнида, Эрон-Ўзбекистон ўйини бугун, 25 март куни Теҳрондаги “Озодий” стадионида бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 21:00 да старт олади.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
26 Март