Бугун Эмина Эрдўған дунё биринчи хонимларини Истанбулга тўплаяпти
Олам
−
15 Ноябрь 2023
44726Туркия биринчи хоними Эмина Эрдўған бугун, 15 ноябрь куни Истанбул шаҳрида дунё биринчи хонимлари билан "Фаластин учун ягона юрак" саммитига мезбонлик қилади.
Йиғилишда дунёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, Қатар, Малайзия, Ўзбекистон давлат ва ҳукумат раҳбарларининг турмуш ўртоқлари ва махсус вакиллари бегуноҳ Ғазо халқининг мурожаатини бутун дунёга етказади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида иштирок этган Ражаб Тойиб Эрдўған 15 ноябрь куни рафиқаси дунё биринчи хонимлари иштирокида Фаластин учун йиғин қилаётганини айтиб, иштирокчи давлатлар раҳбарларидан ушбу тадбирни қўллаб-қувватлашни сўраган эди.
ИҲТ саммити баҳонасида турмуш ўртоғига ҳамроҳлик қилиб, Тошкентга келган Эмина Эрдўған Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева васийлигидаги “Zamin” фонди томонидан ташкил этилган "Болалар ва ёшлар ҳаракатда – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши" халқаро форумида нутқ сўзлаб, Фаластиндаги болалар ва аёллар дардини очиқ айтди.
Биринчи хоним Эрдўған қон тўкилишини тўхтатишнинг ягона йўли масалага диний ва тарихий ришталардан, сиёсий ва тижорат алоқаларидан холи равишда виждон ва раҳм-шафқат назари билан қараш эканини айтди.
У Мьянма, Сомали, Украина ва Сурияда бўлгани каби Фаластинга нисбатан ҳам дунёдан худди шундай муносабатни кутаётганини билдирди. Дунёда ҳеч бир шафқатсизликни жим кузата олмайдиган Туркия, аввал ўт очишни тўхтатиш, кейин эса доимий тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қатъият билан давом эттиришини айтди.
“Чунки биз болалар ўсиб-улғайиб, ер юзини қонлари билан эмас, табассумлари билан бўяшлари мумкин бўлган дунёни хоҳлаймиз. Уларнинг номларини шаҳидлар рўйхатида эмас, балки медаллар, инсоният манфаати учун яратилган ихтиролар, китоблар, санъат асарларида кўришни истаймиз. Освенцимда (Освенцимдаги концлагер, Польша – таҳр.) оиласидан айрилган виждонли яҳудийлар Фаластиндаги қон тўкилишини тўхтатиш учун курашар экан, қирғиннинг геноцидга айланаётганини кузатиб турмаган жамиятларнинг фарёди осмонга кўтарилгани сари инсониятдан умидларимиз ортиб бормоқда”, дейди Эмина Эрдўған.
LiveБарчаси