Бугун Ҳусанов дебют қилиши мумкин
Спорт
−
25 Январь
9399Бугун, 25 январь куни Англия Премьер лигаси 23-тур ўйинларига старт берилади. Ушбу турда футбол мухлисларини битта марказий ўйин кутиб турибди. “Манчестер Сити” ўз майдонида “Челси”ни қабул қилади. Шунингдек, пешқадамлар сафида келаётган “Арсенал” меҳмонда “Вулверхемптон”га қарши ўйнайди. Турнир жадвалини бошқариб келаётган “Ливерпуль” эса “Ипсвич”ни имтиҳондан ўтказади.
Ҳусановнинг дебюти кутилаётган ўйин
Пеп Гвардиола бошчилигидаги “Манчестер Сити” 2024 йилнинг охирини ўта муваффақиятсиз ўтказди ва АПЛ турнир жадвалида анча пастлади. Кетма-кет мағлубиятлар, жамоадаги йўқотишлар сабаб, клуб ўтган мавсумдаги ёрқин ўйинларини намойиш этолмаяпти. Жамоа айни дамга келиб, турнир жадвалида 22 та ўйинда 11 ғалаба, 5 мағлубият ва 6 дуранг қайд этиб, 38 очко билан 5-ўринда келмоқда. “Челси” эса 40 очко жамғариб, 4-ўринни қайд этмоқда. Албатта, бу учрашувнинг марказийлиги ва муҳимлик даражасини ҳисобга олиб, бугун “Манчестер Сити” таркибида ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов дебют баҳсини ўтказиш эҳтимоли катта. Сабаби, клуб таркибидаги йўқотишлар. Айни дамга келиб, марказий ҳимоячилар Натан Аке, Жон Стоунз ва Рубен Диаш лазаретда, яъни жароҳат олиб, нафақат бугунги, балки олдиндаги бир нечта ўйинларни ўтказиб юборади.
Мана шундай катта йўқотишлар ўрнини эса катта ўйинлар тажрибасига эга бўлган футболчилар билан тўлдириш керак. Асосий таркибга асосий номзод бу ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов. Чунки у “Ланс” таркибида Франция чемпионати етакчилари ПСЖ, “Марсель”, “Лион” каби жамоаларга қарши, ўтган мавсумда эса Чемпионлар лигаси доирасида “Арсенал”га қарши ўйинда ўзига етарлича тажриба орттириб олди. Жамоа мураббийи Пеп Гвардиола ҳам Ҳусанов “Челси”га қарши ўйинга тайёрлигини билдирган.
Учрашув учун тахминий таркиблар
“Манчестер Сити” ва “Челси” ўйини учун “Opta” нашри қуйидагича тахминий таркибларни эълон қилган.
“Манчестер Сити”: Ортега Морено, Льюис, Ҳусанов, Аканжи, Гвардиол, Де Брбйне, Ковачич, Гюндоган, Грилиш, Фоден, Холанд.
“Челси”: Санчес, Жеймс, Чалоба, Адарабиойо, Кукурелья, Дюсбюри Холл, Кайседо, Мадуэке, Нету, Пальмер, Жексон.
Натижанинг муҳимлиги
Бугунги ўйинда у ёки бу жамоанинг ғалабасининг турнир жадвалига таъсири ҳақида тўхталадиган бўлсак, агар “Манчестер Сити” бугунги учрашувда ғалаба қозонадиган бўлса, очкосини 41 тага етказади ва “Челси”ни ортда қолдириб, 4-ўринга кўтарилиб олади ва чемпионлик курашига қайтади. Бу эса нафақат Гвардиола, балки Ҳусанов учун ҳам фойдали бўлади. Чунки дебют ўйиндаги ғалаба футболчига улкан ишонч бағишлайди.
Агар “Челси” ғолиб бўлса, очколарини 43 тага етказиб, нафақат “Манчестер Сити” билан очколардаги тафовутни ошириб олади, балки чемпионлик учун ҳам дадил қадам ташлайди.
LiveБарчаси