Алишер Султонов электр таъминоти масаласида Президентга ваъда берди
Жамият
−
25 Март 2021
97012021 йилда электр тармоқлари тизимида жами430 млн долларлик ишлар амага оширилади. Бу ҳақда Энергетика вазири Алишер Султонов Президент раислигида ўтказилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
“Электр тармоқлари бўйича 2021 йилнинг октябрь ойигача амалга оширадиган ишларимиз тўғрисида ҳисобот берсам. Таҳлилларга кўра, 25 йил давомида, яъни 2016 йилгача 9 300 километр электр тармоқлари қурилиб, 4 800 та трансформатор ўрнатилган. Охирги 4 йилда эса 25 минг километр электр тармоқлари қурилган, 8 900 янги трансформатор қўйилган. 25 йилга нисбатан сўнгги 4 йилда 2,5 баравар кўп иш қилинган”, дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда QALAMPIR.UZ мухбири.
Биринчилардан бўлиб таъкидлнишича, янги тизим бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти. Ҳозирда маҳаллабай ишлаб, маҳаллалар “оғир” ва “ўта оғир” тоифаларга бўлинган.
“Иккинчидан, маҳаллаларда янги қуриладиган электр тармоқлари ва трансформаторларни қабул қилишда МФЙ раислари ҳам қатнашадиган механизмни жорий этдик.
Учинчидан, темирбетон тармоқлар ва трансформатор ишлаб чиқарадиган 13 та корхонани ишга туширдик. Жорий йилда 5377 та маҳаллада 15 минг километрдан ортиқ тармоқ тортилади ва 4 мингдан ортиқ трансформаторлар ўрнатилади. 2021 йилнинг ўзида электр тармоқлари тизимида жами 430 миллион долларлик ишлар амалга оширилади. Бундай маблағлар тарихда ажратилмаган”, деди вазир.
Соҳа етакчиси шунингдек, далват-хусусий шериклик асосида 1 млрд долларлик инвестиция кириб келаётганини қайд этди. Алишер Султонов йиғилишда қўшни давлатлар билан олдин ишлаган яхлит тизимни ҳам тикланишини маълум қилди. Шунингдек, вазир бу йилдан тизим талабни қондирига тайёр бўлишини айтиб, Президентга ваъда берди.
“Олдингидек куз-қиш мавсуми деган тушунчадан воз кечдик. Чунки ёз ойларида ҳам ишлатилаётган совитиш тизими ҳисобига иссиқ даврда талаб ҳам “пик” бўляпти. Ажратилаётган маблағлар ҳисобига бу йилдан бошлаб зарур талабни қондира оладиган бўламиз. Бунинг учун қўшни давлатлар билан олдин ишлаган яхлит тизимни ҳам тиклаяпмиз”, деди вазир электр таъминоти бўича режалар ҳақида гапириб.
У газ таъминоти тизимида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам маълумот бериб, 678 та маҳаллада газ таъминоти яхшиланишини қайд этди.
“Умуман, таъминотни яхшилаш учун 400 млрд сўм маблағ ажратилган. Бундан ташқари, магистралларни таъмирлашнинг ўзига шу йилда 617 млн доллар йўналтирилади. Бу шимолдан марказга газ етказишни осонлаштиради, водий таъминоти яхшиланади.
455 км қувур тортишимиз керак. Бу қувурларнинг айримлари 1958 йилда тортилган, уларнинг қалинлиги 12 мм бўлиши керак бўлса, 1,5-2 мм.га қадар юпқалашиб қолган. Босимни оширамиз десак ёрилиб кетади”, деди вазир.
Йиғилишда Президент вазирни тинглагач, бу ишлар нега 4 йил аввал эмас, ҳозир амалга оширилаётганига тўхталиб ўтди.
“Кўпчилик ўйлаши мумкин, нега шу ишлар 4 йил аввал қилинмаган деб. Буни ўша пайт қила олмасдик, чунки газ, электр тизимининг ҳисоб-китоби йўқ эди. Ҳозирги электрон ҳисоблаш тизимини йўлга қўйганимиз ҳисобига барчасини йўлга қўйиб олдик. Ўша 455 км қувурни алмаштирамиз, бунда ҳам инвесторларни жалб қиламиз. Бу масала ҳам жуда муҳим. “Свет”, гази бўлмаса қандай қилиб “Обод маҳалла” ёки “Обод қишлоқ” бўлиши мумкин?”, деди давлат раҳбари.
Аввалроқ, Ўзбекистонда тадбиркорларнинг электр таъминотига уланиши учун йиғим жорий этилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.