Бу йил битирувчиларга қанча медаль топширилди?

Жамият 400
image

2018-2019 ўқув йили натижасига кўра республика умумий ўрта таълим мактабларининг жами 4990 нафар ўқувчилари олтин ва кумуш медал билан тақдирланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар тарқатди.

Шундан 2524 нафар ўқувчи олтин, 2466 нафари эса кумуш медалларни қўлга киритди.

Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида” низомни тасдиқлаган эди.

Низомга кўра, олтин медал умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфлари ҳамда академик лицейда барча фанлар бўйича якуний назорат, чорак, йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли, шунингдек, жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилиши белгиланган.

Кумуш медал умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида ёки академик лицейда барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

2018-2019 ўқув йили 9691 мактабда жами 5,8 миллион нафар ўқувчи таълим олди. Улардан 279,78 минг нафар ўқувчилар 11-синфни битирди.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 3
Рейтинг: 3.2