“Бу Россия милитаристик сиёсатини тарғиб қилиш”. Жамоатчилик Тошкентда “Ўлмас полк” акцияси ўтказилишига қарши чиқмоқда
Таҳлил
−
04 Апрель 2022
183619 май – Иккинчи жаҳон урушида собиқ совет иттифоқи томонидан эришилган ғалаба куни яқинлашгани сари Ўзбекистонда яна ушбу кунда “Ўлмас полк” акциясини ўтказиш борасидаги муҳокамалар диққат марказида турибди. Ижтимоий тармоқлар жамоатчилиги, зиёлилар айнан ушбу масалани муҳокама қиларкан, Ўзбекистонда собиқ совет иттифоқи байроғи, урушга оид шиорлар, Сталин сурати остида ўтказиладиган “Ўлмас полк” акциясидан асосий мақсад Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлганларни хотирлаш эмас, балки уруш ва совет ғояларини, Россия милитаристик сиёсатини тарғиб қилиш, сингдириш эканини айтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодировнинг “Ўлмас полк” бўйича мулоҳазалари ушбу мавзу авж нуқтага етганидан далолат.
Алишер Қодиров: Биз бундай намойишларга қаршимиз!
“Ўлмас полк” – “юмшоқ куч” намойиши, совет бирлигига тарғибот қуроли эканлигини тушунмаган қолмади. Биз бундай намойишларга қаршимиз!
Инсониятнинг фашизм устидан ғалабасида ўзбек халқининг сезиларли иштироки бор. Оталаримизнинг босқинчилар ва бузғунчи миллатчиларга қарши озодлик учун курашлари қиёматгача хотираланиши ва қадрланиши керак.
Биз учун қадрлаш уларнинг суратларни шаҳар бўйлаб кездириш эмас, руҳларига дуолар қилиш, улар учун у дунёнинг яхшиликларини тилашдир.
Шаҳидларимизнинг пок хотирасини қадрлаш керак, манфур сиёсий мақсадларга яна бир марта қурбон қилиш эмас!
Маълумотларга кўра, “Ўлмас полк” акциясини ўтказиш тарафдорлари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига хат билан мурожаат қилган. Улар Тошкентда қизил байроқ остида юриш қилиш учун СССР Олий Совети Президиумининг 1988 йил 28 июлда қабул қилинган N 9306-ХI сонли фармонини асос қилиб кўрсатган. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди эса СССР Олий Совети Президиумининг ушбу фармони мустақил Ўзбекистонда ҳамон амал қилишини тасдиқлаган.
Мавзу жиддий ва таъсирчан кучга эга. Бунда эса блогерлар ҳам четда тургани йўқ. Хусусан Муҳрим Ағзамхўжаев ўз каналида “полкчилар”нинг мақсади фақат хотира эмаслиги, бунда сиёсий манфаат ёширинганини ёзади.
Муҳрим Ағзамхўжаев: ...айниқса, сиёсатга алоқаси йўқлигига ишонишим керак!
— Агар рухсат берилса, “Ўлмас полк”нинг юриши Биродарлик қабристонидан бошланиб, Grand Mir меҳмонхонаси олдидан Миробод кўчасига бурилиб, Хотира майдонидаги Мангу оловгача давом этаркан. Эълон қилинган чизмада (ИИББга ҳам шу харита берилган бўлса керак) меҳмонхона номи “Россия” деб кўрсатилибди. Тўғри, халқ орасида ҳали ҳам шу ном машҳурроқ, бошқа “полкпарастлар”га тушунарлироқ бўлсин дейишгандир, балки. Лекин, шунча хат-ҳужжатда ҳар нарсани ўз (расмий) номи билан атаб, харитага келганда меҳмонхонанинг эски номини эслаб қолишгани ғалати кўринди.
Яна бир жиҳат: ИИББ бошлиғи номига берилган аризада ўтказилмоқчи бўлинаётган тадбир шундай аталади: “1941—1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 77 йиллигига шарафига “Ўлмас полк” халқ-ватанпарварлик юриши”. Шу тадбирни ўтказиш ишқидаги фаолларнинг Telegram’даги канали таърифига эса бундай ёзилган: “1941—1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги СССР Ғалабаси шарафига “Ўлмас полк” халқ-ватанпарварлик юриши ва шунга боғлиқ мавзулар”. ИИББга берилган аризада ғалаба СССРники эканини эслатишмабди. Шу жойида сал ҳижолат бўлишган, шекилли. Ўзларининг носамимийликларидан, мақсадлари бор-йўғи ўша урушда ҳалок бўлганларни эслаш эмас (шугина бўлса, байроқ кўтариб, кўчада юриш шарт эмас-ку), мақсадлари сал бошқачароқ, сал сиёсийроқ эканидандир, балки.
Энди мен шу одам(лар) Тошкент марказида тўда-тўда бўлиб, фақат ва фақат урушда ҳалок бўлган ота-боболарини хотирламоқчи эканига, шундан бошқа мақсадлари, айниқса, сиёсатга алоқаси йўқлигига ишонишим керак.
Тилшунос блогер Элдор Асановга кўра, нафақат “Ўлмас полк”, балки 9 май куни ҳам Россия милитаристик сиёсатини тарғиб қиладиган воситага айланиб қолган.
Элдор Асанов: Бу Украинага нисбатан адолатсизлик бўлади
— Биринчидан, 9 май аллақачон Россия милитаристик сиёсатини тарғиб қилиш, аҳолини жазавага тушириб, уруш кайфиятини тарқатишга хизмат қиладиган байрамга айланиб қолган. Украинага бостириб кириш олдидан 9 майга катта урғу берилиб, шу орқали россияликлар урушга тайёрлангани сир эмас. Бу санани нишонлаганда Россиянинг риторикасидан узилиб, "ўз боболаримизнинг қаҳрамонликларини ёд этяпмиз", деб ўтказишимиз мумкин, аммо буни ҳам тўғри тушунтириш, тўғри ташкиллаштириш керак бўлади. Ҳарқалай, “Ўлмас полк” сингари акциялар, рус пропагандасининг рамзлари дарҳол Россия милитаризми билан ассоциация уйғотади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди, бу Украинага нисбатан адолатсизлик бўлади, бошқа мамлакатлар ҳам Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий мойилликларидан шубҳалана бошлайди.
Иккинчидан, аслида Россиянинг ўзи ҳам бу йил бу байрамни нишонламагани маъқул. Мақталган "дунёнинг иккинчи армияси" аслида реал ҳарбий тайёргарликка ва тажрибага эга эмаслигини, ҳалигача совет тактика ва стратегияларида қолиб кетганини кўрсатиб қўйиб, бутун дунёга шарманда бўлди. Шундай вақтда Қизил армиянинг ғалабаларини нишонлаш Россия армиясининг устидан кулиш бўлиб қолади. Яъни, аслида бу билан ақлли, соғлом фикрдаги россияликларни ҳам ранжитиб қўйиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Тошкент шаҳар ҳокимлиги пандемия шароитида ўрнатилган карантин талабларидан келиб чиқиб, “Ўлмас полк” акциясининг ўтказилишига рад жавобини берган эди.