Тошкентда “абадий полк” акцияси ўтказиладими? Ҳокимлик жавоб берди
Жамият
−
06 Май 2021
8948Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 9 май куни Тошкент шаҳрида “Ўлмас полк” акциясини ўтказишга рухсат берилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, жамоатчилик орасида бундай хабарнинг тарқалишига Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари М.Муҳитдиновнинг пойтахтда “Ўлмас полк” акциясини ўтказиш бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ва ЙҲХБга йўналтирган хати нотўғри таржима қилингани сабаб бўлган. Шаҳар ҳокимлиги мазкур мурожаатда “Принять к исполнению в установленном порядке” (Белгиланган тартибда ижрога қабул қилинсин) эмас, балки “Ўрнатилган тартибда кўриб чиқилсин”, дея имзо чекилганлигини маълум қилди.
“Натижада кенг жамоатчиликка “мутасаддилар мазкур акцияни ўтказиш учун рухсат беришган бўлса-да, ҳуқуқ-тартибот идоралари бунга қарши чиқмоқда” деган мазмунда асоссиз хабар тарқатилган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, “Ўлмас полк” акцияси ташкилотчилари мурожаат қилган ҳеч бир мутасадди ташкилот томонидан бугунги пандемия шароитида мазкур оммавий тадбирни ўтказишга рухсат берилмаган.
Коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан жорий йил 1 майдан бошлаб мамлакатда турли оммавий тадбирлар, хусусан, концерт дастурлари, байрам томошалари ва оммавий юришларни ўтказиш вақтинчалик тўхтатилган.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, бу йил Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларни карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, ихчам шаклларда ўтказиш чоралари белгиланган.
“Бундай чекловлар юзлаб одамлар иштирок этиши кўзда тутилган “Бессмертный полк” оммавий тадбирига ҳам дахлдор эканини унутмаслик лозим”, дейилади шаҳар ҳокимлиги муносабатида.
LiveБарчаси