Бу Путинга сигнал – Столтенберг Россияни огоҳлантирди
Олам
−
29 Июнь 2022
25201Финляндия ва Швециянинг НАТОга қабул қилиниши Россия Президенти Владимир Путинга альянс эшиги янги давлатлар учун очиқлигидан сигнал беради. Бу ҳақда ташкилот Бош котиби Йенс Столтенберг кеча, 28 июнь куни Мадридда Туркия, Швеция ва Финляндия раҳбарлари Анқаранинг ушбу давлатларни қабул қилиш бўйича эътирозларини бекор қилиш бўйича Меморандум имзолаганидан сўнг, матбуот анжуманида маълум қилди.
“Бу Президент Путинга НАТО эшиги янги давлатлар учун очиқ бўлиб қолиши ҳақидаги сигналдир. Бу январь ойида у [Путин] Европада хавфсизлик кафолати бўйича таклиф қилган шартноманинг аксидир”, дейди Столтенберг.
Бош котибнинг қайд этишича, Владимир Путин НАТО Россия чегараларидан узоқроқ бўлишини хоҳлаган. Бунга жавобан эса НАТО Россия сарҳадларига янада яқин келмоқда.
Бугун, 29 июнь куни бўлиб ўтадиган саммитда альянс етакчилари Финляндия ва Швецияни НАТОга қўшиб олиш тўғрисида қарор қабул қилишади, бироқ альянсга кириш санаси ҳозирча номаълум, чунки қўшилиш протоколи аввало НАТОга аъзо барча мамлакатлар парламентлари томонидан ратификация қилиниши керак.
Столтенбергга кўра, НАТО илгари Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилмаслик, нейтрал давлатлар бўлиб қолиш, балки НАТО билан қимматли ҳамкорлар сифатида ишлаш ҳақидаги қарорини ҳурмат қилган.
“Энди улар НАТОга аъзо бўлишга қарор қилишди ва биз буни қўллаб-қувватладик. Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши бу давлатлар учун муҳим аҳамиятга эга. Фақат харитага қаранг ва улар Болтиқбўйи минтақасидаги вазиятни бутунлай ўзгартиришини тушунасиз. Улар Болтиқбўйи мамлакатлари – Эстония, Литва ва Латвияни қамраб олади, шунингдек, дунёнинг ушбу қисмида мавжудлигимизни кучайтиришга имкон беради”, дейди ташкилот Бош котиби.
Столтенберг НАТОга аъзо бўлгандан кейин бу икки давлатнинг ҳарбий жиҳатдан ривожланиши бўйича НАТОнинг режалари қандайлигига аниқлик киритмаган.
Маълумот учун, Россия жорий йилнинг январь ойида НАТОни шарқда кенгайтирмаслик, собиқ СССР давлатларининг иттифоққа қўшилмаслик ва Украина ҳудудида ҳарбий фаолиятни тақиқлаш тўғрисидаги бандлардан иборат хавфсизлик кафолати шартномасини альянсга тақдим этган эди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 июнь куни Туркия, Финляндия Президентлари, Швеция Бош вазири ва НАТО Бош котиби иштирокида НАТО саммити олдидан тўрт томонлама музокаралар ўтказилди. Музокаралар натижасига кўра, уч мамлакат Ташқи ишлар вазирлари “Учлик меморандуми”ни имзоладилар. Меморандумга кўра, Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда барча талабларни бажаради, Туркияда террористик ташкилот деб тан олинган тузилмалар – Курдистон ишчи партияси, Сурия халқ мудофааси отряди ва ФЕТО билан мулоқотни тўхтатади ва ўзи ҳам уларни террористик ташкилот сифатида қайд этади. Қолаверса, миллий қурол-яроғ эмбаргоси олиб ташланади.
Ушбу келишувлардан сўнг, АҚШ Президенти Жо Байден Twitter'даги саҳифасига Финляндия Президенти ва Швеция Бош вазири билан тушган суратини жойлаштириб, Туркия, Финляндия ва Швецияни ўзаро мулоқотнинг муваффақиятли якуни билан табриклади.
LiveБарчаси