Бу халқ ва давлатни менсимаслик - ХДП Ортиқхўжаевнинг гапларига муносабат билдирди
Жамият
−
17 Ноябрь 2019
18260Ижтимоий тармоқлар ва интернет ОАВда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли экани айтилаётган, журналист ва блогерлар шаънига ўта кескин фикрлар билдирилган, шарманда қилиш, ҳатто, жисмонан йўқ қилиш билан таҳдид қилинган аудиоёзув кенг тарқалмоқда. Ўзбекистон "Халқ" демократик партияси аудиога нисбатан ўз муносабатини билдирди. Унда шундай дейилади:
"Бу ҳолат мамлакатимиздаги барча ОАВ вакиллари, блогерлар ва кенг жамоатчиликнинг қаттиқ муносабати ва танқидига сабаб бўлди.
Давлатимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар зудлик билан ушбу аудиоёзув бўйича суриштирув ишларини олиб бориши, воқеа қачон, қаерда, кимлар билан содир бўлганини аниқланиши ҳамда қонунда белгиланган тартибда бошқа чораларни кўриши зарур.
Аудиоёзувдаги ҳолат ҳақиқатда рўй берган бўлса, демократик ислоҳотларнинг энг муҳим шарти – сўз ва фикр эркинлигига, журналистларга очиқдан-очиқ таҳдид қилиш, “менга ҳамма нарса мумкин”, деб ўйлаш, аввало, халқ ва давлатни менсимаслик, деб баҳоланиши керак.
Халқ демократик партияси касби, фаолият тури, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг устувор ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланиши ва амалда таъминланиши зарур, деб ҳисоблайди. Мутасадди идоралардан тез орада аниқ ва расмий маълумотларни кутади".