Британиянинг янги Бош вазири биринчи бўлиб кимга қўнғироқ қилгани маълум бўлди (видео)

World

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Буюк Британиянинг янги Бош вазири Энди Бернэм илк телефон мулоқотини ўтказди. Суҳбат давомида Шимолий денгиздаги нефть, савдо-сотиқ, ҳарбий иттифоқ, Ҳормуз бўғозини миналардан тозалаш ва Яқин Шарқдаги воқеалар муҳокама қилинди, шунингдек, етакчилар яқин келажакда юзма-юз учрашишга келишиб олди. Бу ҳақда Трамп ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.

Трампнинг таъкидлашича, улар Буюк Британия билан истисно даражадаги икки томонлама муносабатларни муҳокама қилган.

“Яқин келажакда биз ўзаро манфаатли масалаларни муҳокама қилиш учун учрашамиз”, дея баёнот берган у. 

АҚШ раҳбари Бернэмнинг олдида муҳим вазифалар турганини қайд этиб, шундай деган: 

“Ўйлайманки, у буни уддалайди ва АҚШ ёрдам беришга тайёр. Биз Шимолий денгиздаги нефть, савдо-сотиқ, ҳарбий иттифоқ, Ҳормуз бўғозини миналардан тозалаш ва бошқа кўплаб масалаларни муҳокама қилдик. Суҳбат қизиқарли ва жуда яхши ўтди”. 

Трамп ўз хабарида Бернэмга янги лавозимида муваффақият ҳам тилаган.

Буюк Британия Бош вазири девонининг Даунинг-стрит, 10-уйдаги баёнотида хабар қилинишича, Бернэм лавозимга киришганидан сўнг илк музокарани айнан Трамп билан, биринчи хорижий давлат раҳбари сифатида ўтказган.

Қайд этилишича, суҳбат давомида Бернэм АҚШни футбол бўйича ФИФА Жаҳон чемпионатини ўтказгани билан табриклаб, келажакдаги ташрифи чоғида Трампга ўз мамлакати таклиф этаётган сармоявий ва ишбилармонлик имкониятларини кўрсатиш истагини билдирган.

Баёнотда кўрсатилишича, Бернэм қайта саноатлаштириш ва иқтисодий ўсиш борасидаги ўз мақсадлари ҳақида сўзлаб, Буюк Британия мудофаа соҳасидаги мажбуриятларини бажаришда давом этишини таъкидлаган.

Шунингдек, Трамп Бернэмни Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар ҳақида хабардор қилган, Бернэм эса ўз навбатида Ҳормуз бўғозида кемачилик эркинлиги Буюк Британия учун катта аҳамиятга эга эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Бернэм кеча, 20 июль куни Бош вазир лавозимини эгаллади. У май ойида бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда мағлубиятга учраган ҳукмрон Лейбористлар партияси депутатлари босими остида истеъфога чиқишга мажбур бўлган Кир Стармернинг ўрнини эгаллади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends