Британияда 3 болгариялик Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб қўлга олинди

Олам

image

Болгариянинг уч фуқароси Буюк Британияда Россия фойдасига жосуслик қилганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълумотларга кўра, Буюк Британияда яшаган 45 ёшли Орлин Русев, 41 ёшли Бизер Жамбазов ва 31 ёшли Катрин Иванова Россия махсус хизматларида ишлаган. Ҳозирда улар ҳибсда. Болгария фуқаролари Лондон полициясининг айғоқчилик ишларига алоқадор бўлган аксилтеррор бўлинмалари ходимлари томонидан қўлга олинган. 

Улар Болгария, Буюк Британия, Греция, Испания, Италия, Словения, Франция, Хорватия ва Чехия каби давлатлардан расмий ҳужжатлар, жумладан, паспорт ва бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланмоқда.

Аниқланишича, Русев Британия шарқидаги Норфолк графлигидаги Грейт-Ярмут шаҳрида, Жамбазов ва Иванова эса Лондон шимоли-ғарбидаги Ҳарроу ҳудудида бирга яшаган. BBC'нинг маълум қилишича, улар бир неча йил Буюк Британияда яшаб, вақти-вақти билан иш жойларини ўзгартириб турган.

Русев 2009 йилда Буюк Британияга кўчиб ўтган ва у ерда уч йил давомида молиявий хизматлар соҳасида техник лавозимларда ишлаган. Кейинчалик у хабарлар ёки электрон сигналларни ушлашни ўз ичига олган алоқа трафигини кузатиш ва таҳлил қилиш бизнесига эгалик қилган.

Бундан ташқари, Русевнинг LinkedIn ижтимоий тармоғидаги саҳифасида у илгари Болгария Энергетика вазирлигининг маслаҳатчиси бўлгани айтилади. Жамбазов ва Иванова тахминан 10 йил олдин Буюк Британияга кўчиб ўтган. Хабар қилинишича, Жамбазов шифохоналарда ҳайдовчи бўлиб ишлаган, Иванова эса хусусий тиббиёт фирмасида лаборант бўлиб ишлаган.

BBC'нинг қўшимча қилишича, улар мамлакатда яшовчи болгарларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотни бошқариш учун кўнгилли бўлган. Шу билан бирга, нашр эр-хотин Буюк Британияда яшовчи Болгария фуқаролари миллий сайловларда иштирок этиши учун яратилган Лондондаги Болгария сайлов комиссияларида ишлаганини ёзган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Киевнинг Шевченковский туман суди Украина Хавфсизлик хизмати собиқ ходими генерал-майор Валерий Шайтановни 12 йилга озодликдан маҳрум қилганди. Шунингдек, Польша махсус хизматлари жосусликда айбланаётган икки россияликни қўлга олгани ҳақида хабар бергандик.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Болгария жосуслик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг