Курс UZS

USD

12 929.37

-17.7

EUR

13 963.72

-69.61

RUB

152.87

-2.14

Британия валиаҳди танкда Россия чегарасига борди (видео)

Олам

image

Буюк Британия шаҳзодаси Уильям НАТОнинг Шарқий Европадаги операцияларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Эстониянинг Тапа шаҳрида жойлашган Британия контингенти базасига борди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

42 ёшли Уильям қирол Чарльзнинг тўнғич ўғли ва Британия тахтининг вориси ҳисобланади. Ҳарбий лагерда у ҳарбий техникаларни кўздан кечирган ва тўлиқ ҳарбий либосда Challenger 2 танкида ҳаракатланган. 

Бу шаҳзода Уиляьмнинг Эстонияга илк ташрифи. Мазкур воқеа Буюк Британия ва бошқа Европа давлатлари томонидан мудофаа харажатларининг оширилиши фонида амалга оширилган. Бундай ўзгаришлар АҚШ Президенти Дональд Трампнинг НАТО мамлакатларини Европада хавфсизликни таъминлашга фаолроқ ҳисса қўшишга чақирганидан кейин кузатилмоқда. 

Эстониядаги икки кунлик ташрифи давомида шаҳзода Уильям кўпмиллатли ҳарбий кучлар таркибидаги 900 нафар британ аскарларидан баъзилари билан учрашган. Шаҳзода учун Тапа ҳарбий базаси полигонида экскурсия ташкил этилган. Ушбу база НАТОнинг “Кабрит” операцияси доирасидаги Буюк Британия ҳиссасининг бир қисми бўлиб, у заиф Болтиқ минтақасида альянснинг “коллектив хавфсизлик ва мудофааси”ни таъминлашга қаратилган.

Буюк Британия “Кабрит” операцияси доирасида Эстония ва Польшага тахминан 900 ҳарбий жўнатган. Ҳозирда Британия НАТОнинг шарқий қанотида 2,6 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи ва 730 та ҳарбий техникани жойлаштирган.

Шаҳзоданинг кийимида НАТО белгиси бўлган. Унга жанговар гуруҳнинг дала ўқув жараёнлари кўрсатилган ва Эстония ҳамда Франция ҳарбийлари билан таништирилган. Шунингдек, у аскарлардан Россияга яқин ҳудудда хизмат қилиш тажрибаси ҳақида сўраган ва бу ўқув машғулотлари олдингиларига қараганда қанчалик реал туюлишини қизиқиб суриштирган.

1991 йилда Эстония мустақиллигини қўлга киритишидан аввал бу ҳудудда совет ҳаво мудофаа базаси жойлашган бўлиб, у ерда МиГ қирувчи самолётлари Ғарб билан тўқнашувга тайёр турган.

“Энди эса вазият тескари томонга ўзгарди: бу ҳудудда Эстония армияси ва уларнинг НАТОдаги иттифоқчилари жойлашиб, Россия бостириб киришининг олдини олиш учун хизмат қилмоқда. Бу стратегик жиҳатдан муҳим бўлган ҳарбий база кенгайишда давом этмоқда ва унинг кўчалари НАТО ҳарбий техникаси билан тўлиб бормоқда”, дейилади хабарда.

Шаҳзода нафақат Challenger-2 танки, балки Warrior пиёдалар жанговар машинаси, Франциянинг Griffon жанговар машинаси, реактив олов тизими, Trojan муҳандислик машинаси билан ҳам танишган, шунингдек, Archer мобил артиллерия тизимини бошқарган.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Буюк Британия Эстония шаҳзода Уильям

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг